Одамзод вакцина ишлаб чиқилмагунга қадар коронавирус касаллиги билан курашиб яшайверадими?

Ушуб саволга Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков шундай жавоб берди:

— Коронавирус инфекциясига қарши вакцина ишлаб чиқиш билан бутун дунё олимлари шуғулланмоқда. Вируслар эса мутацияга мойил бўлишади. Балки, коронавируснинг ҳамма турига таъсир қиладиган универсал вакцина ишлаб чиқиш керак бўлар.

Вакцинани ишлаб чиқиш, клиник синовдан ўтказиш, профилактик самарадорлигини баҳолаш ва кенг аҳоли орасида қўллашга рухсат бериш каби босқичлари бор.

Унгача мазкур вирусдан сақланиш учун қўлни тез-тез ювиш, ниқоб тақиш режимига риоя этиш ва ижтимоий масофани сақлаш каби қоидаларга риоя этиш керак.

Кўп олимлар касаллик бўйича изланиш олиб боряпти. Ҳеч ким 2020 йилнинг 5 ойида юз берган на коронавирус пандемиясини, на иқтисодий-молиявий инқирозни, на нефть нархларининг қулашини, на фонд бозорларидаги шўнғишни башорат қила олмаган. Шу жумладан, касаллик борасида ҳам кейинги вазият тўғрисида ҳеч нима аниқ эмас.