Оғир ижтимоий вазиятдаги аёллар Самарқанд шаҳар ҳокимлигига таклиф этилди
Аслида, уларнинг рўйхати анча олдин шакллантирилганди. Ҳокимлик ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг ишчи гуруҳи шаҳардаги хотин-қизларнинг ҳаёти, турмуш шароитини ўрганиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган аёлларга қандай тартибда кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқди.
Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқулов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси С.Рафиқов ўрганиш натижалари бўйича маълумот бериб, шаҳардаги ҳар бир хотин-қизнинг тақдири, ҳаёти доимий эътиборда эканлигини таъкидлади. Айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оила бекалари давлатимизнинг ҳимоясида бўлиши, улар бу вазиятдан чиқиб кетиши учун зарур ёрдам кўрсатилиши қайд этилди.
Ҳокимлик биносига таклиф этилган хотин-қизларга Самарқанд шаҳрида хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар дастури асосида 47 миллион 300 минг сўмлик моддий кўмак кўрсатилди. Жумладан, 19 нафар ишсиз оила бекаларига тикув машинаси топширилди. Шунингдек, 7 нафар хотин-қизга 2 миллион сўмдан моддий ёрдам олиш учун сертификат, бир нафар аёлга дори-дармон учун 3 миллион сўм ва 1 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқарога ногиронлик аравачаси берилди.
– Самарқанд шаҳрида яшовчи бир нафар аёл ишсиз қолса ҳам хотиржам бўлмаймиз, – деди Б.Облоқулов. – Демак, хотин-қизлар бандлигини таъминлашни тизимли ташкил этиб, уларни ҳар тамонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, оилавий хотиржамликка эришгунларича суянч бўлишимиз керак. Бугун ҳам худди шу мақсад бизни бирлаштирди.