Самарқанд шаҳар, Самарқанд ва Паст Дарғом туманлари ҳокимликлари атрофидаги панжараларни олиб ташлаш керак

Самарқанд вилояти ҳокимлиги телеграм каналида эълон қилинган “Панжаралар керакми?” номли постда шундай фикр илгари сурилди.

- Негадир, кейинги йигирма йилликда давлат муассасалари ва ташкилотлари атрофини баланд металл тўсиқлар билан ўраш замонавий архитектурамизнинг ажралмас атрибути сифатида қабул қилинган, - дейилади постда. – Ҳар қандай муассаса ўзини тўсиқ билан ҳимоя қилиш зарур деб ҳисоблайди. Имкониятидан келиб чиқиб, баланд ёхуд пастроқ қилиб, бино атрофини темирдан ясалган панжаралар билан ўраб олишади. Менимча, бу панжаралар ҳар қанча бежирим ёки кўркам бўлмасин, барча ҳолатларда шаҳримиз қиёфасини бузмоқда.

Шу нуқтаи назардан, зарурат бўлмаса, вилоятимиз ҳудудидаги давлат корхоналарини ўраб олган панжараларни олиб ташлаш ва янги қурилаётган  бино-иншоотларни панжарасиз фойдаланишга топшириш амалиётини жорий этиш керак, деб ўйлайман.

Шу муносабат билан вилоятдаги кераксиз панжараларни олиб ташлашимиз керак. Мисол учун, Самарқанд шаҳар, Самарқанд ва Паст Дарғом тумани ҳокимликлари, вилоят мажбурий ижро бюроси, 1-туғруқ мажмуаси, Конфуций хиёбони ёнидаги Самарқанд давлат университетига қарашли ётоқхона, “OASIS GARDEN” ресторани бинолари ва ҳоказо...