Ўғирлик қилган коллеж ўқувчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Жорий йилнинг 7 февраль куни Самарқанд тумани ИИБга  Паст Дарғом тумани, Қўшмачит маҳаласида яшовчи, 1987 йилда туғилган Х.Ш. ариза билан мурожаат қилди.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабарига кўра, 2020 йил 25 январь куни соат 08.00 ларда Х.Ш. ўз уйи олдида қаровсиз қолдирган “Дамас-2” русумли автомашинасидан хабар олган вақтида, автомашинасининг чап томон ўрта йўловчи эшигининг ойнаси номаълум шахс томонидан бузиб очган ҳолда нарсалар сақлаш учун мўлжалланган қутиси (бардачок) ичида бўлган 3.400.000 сўм пулларни номаълум шахс томонидан яширин равишда талон-торож қилган. Номаълум шахсни топа олмагани учун, уни топиб қонуний чора кўришни ва пулларини топиб беришда амалий ёрдам беришни сўраган.

Самарқанд вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида мазкур ўғирлик жинояти Самарқанд тумани, Сулфакабутак маҳалласида яшовчи, касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси, 2001 йилда туғилган М.Ж. томонидан содир этилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан М.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.