“Оҳалик олтин боғи меваси” 2,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди

Коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали ишлаши учун шароит яратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳам ана шу жиҳатни англаган ҳолда экспортёр корхоналар манфаатини ҳимоялаш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспортга йўналтириш юзасидан қулай инвестицион муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хусусан, инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси республикамиздаги йирик экспортёр корхоналардан бири “Оҳалик олтин боғи меваси” масъулияти чекланган жамияти билан яқин ҳамкорликда ишламоқда.

Корхонада пандемия муносабати билан жорий этилган карантин давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт миқдорини ошириш юзасидан мукаммал харакат дастури ишлаб чиқилган.

Мазкур кластер корхонаси томонидан Самарқанд вилоятидан ташқари Тошкент, Жиззах, Бухоро вилоятларида 4 минг гектардан ортиқ ер майдонида интенсив боғ барпо этилган бўлиб, ўрик, олча, олма, шафтоли сингари ўнлаб турдаги мева ва сабзавотлар парваришланмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида корхона томонидан 2 миллион 741 минг АҚШ долларлик маҳсулот Россия, Тожикистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинди.

– Бугунги кунда хорижий ҳамкорларимизда юртимизда етиштирилган мева ва полиз маҳсулотлари билан бирга олма ва ўрик концетратларига талаб юқори, – дейди “Оҳалик олтин боғи меваси" МЧЖ директори Мунис Маърупов. – Ҳар бир маҳсулотни замонавий цехларимизда чиройли қадоқлаб, экспортга чиқаряпмиз. Йил якунига қадар экспорт миқдорини 4,5 миллион долларга етказишни режалаштирганмиз.

Айни пайтда корхонада етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сифатли сақлаш мақсадида 5 минг тонна сиғимли замонавий музлаткич ишлаб турибди.

Абдували Худоёров.