Олчин қишлоғида туғилган қаҳрамон ҳақида нималарни биласиз?
Ушбу мақолани ёзишдан мақсадимиз нима эканини айтишдан аввал Олчин қишлоғи ҳақида тўхталсак.
Самарқанд ва Навоий вилоятлари ҳудудларида бу ном билан аталадиган қишлоқлар кўп. Масалан, Оқдарё, Самарқанд, Пайариқ, шунингдек, Кармана, Хатирчи туманларида Олчин қишлоғи бор. Аммо уларнинг айримлари тарихий эмас. Биз у ҳақда маълумот тўплашни истаётган қаҳрамон эса тарихий шахс. Аниқроғи, XVI-XVII асрда яшаган қаҳрамон – Баҳодир Ялангтўш. Яъни, Самарқанд шаҳрига кўрк бериб турган Регистон майдонининг муаллифи, бунёдкори ва ўша даврдаги Самарқанд шаҳар ҳокими.
Унинг асл исми Абдулкарим бўлиб, расмий ҳужжатларда Низомиддин Ялангтўшбий Оталиқ номи билан ёрлиқ берилган. Отаси – Бойхўжа. Баҳодир Ялангтўшнинг уч фарзанди бўлиб, Иқлимабону, Ойбиби ва Бойбек. Афсуски, ўғли ёшлигида вафот этган.
Баҳодир Ялангтўшнинг ҳаёти ва фаолияти ўша давр китобларида жуда кам тарғиб қилинган. Айрим тарихий манбаларда ёзилишича, Ялангтўш ёшлигидан Бухоро ҳукмдори Динмуҳаммад кўмагида мадрасада диний ва дунёвий ҳамда ҳарбий соҳаларда мукаммал сабоқ олган. 1593 йилда 17 ёшида Олчин уруғи бийи этиб тайинланган.
Ялангтўш 1611-1612 йилларда Вали Муҳаммадхон ва Аштархонийлар ҳукмдори Имомқулихон ўртасидаги сиёсатларга ва бирмунча зиддиятларга аралашиб қолади. У Имомқулихоннинг ишончига сазовор бўлгач, қўллаб-қувватлаши натижасида Самарқанд амири ва кейинроқ оталиқ мақомига эга бўлади.
Ялангтўш Бухоро хонлигининг ҳарбий ҳаракатларида фаол қатнашиб, 1623-1631 йил Форс қўшини Балх вилоятига юриш қилганда Балх ҳокими Нодир Муҳаммадхонга яқиндан ёрдам беради. Шу боис Нодир Муҳаммадхон унга Қобул атрофидан бир қатор қабилаларни инъом этган. Шунингдек, у Имомқулихон аскарларига бош бўлиб, Тошкент ва Туркистонни эгаллайди ва тез орада катта шуҳрат қозонади.
Шарқий Туркистоннинг шимолий қисмида яшовчи жунғорлар Еттисув ва Сирдарёни босиб олиш орқали рус ўлкалари ва Марказий Осиёни боғловчи савдо йўлларига эгалик қилиш билан келгусида бошқа юртларга ҳарбий юришлар бошлашни кўзда тутарди. Шу боис ХVII асрнинг иккинчи чорагидан ҳозирги Қозоғистон ҳудудига Хитойнинг ғарбий ерларидан келган жунғорларнинг аёвсиз босқини кучаяди.
Қозоқ бийлари ўзбек ҳукмдорлари билан бирлашиб, ташқи душманга қарши курашиш йўлини тутади. Ялангтўш 1640 йили 10 минг сонли қўшини билан жунғорларга ҳужум қилиб, уларни чекинишга мажбур қилади. Иккинчи ва учинчи ҳужумларда эса 30 минг сонли аскари билан қозоқ қардошларга ёрдам бериб, жунғорларни Олма-ота ҳудудларига қадар улоқтиради. Охирги марта ҳам Баҳодир Ялангтўшнинг 20 минг сонли қўшини душман қўшини ортидан қақшатқич зарба бериб, уруш тақдирини ўз фойдасига ҳал қилган.
Ялангтўш Самарқанднинг гуллаб-яшнаши, илм-фан ривожи, халқ фаровонлиги, маданияти юксалиши ва барқарорлиги учун ҳаракат қилган.
Бунинг ёрқин мисоли Шарқ гавҳари бўлган Регистон мажмуасидир. Регистон майдонига кўрк бериб турган Шердор (1619-1638 йиллар), Тиллакори (1649-1659 йиллар) мадрасаларининг қурилиши ХVII асрда Самарқанд шаҳар ҳокими бўлган Баҳодир Ялангтўш номи билан боғлиқ.
Биз ўқиган, биз билмоқчи бўлган қаҳрамон – Баҳодир Ялангтўш туғилган гўша Хатирчининг Олчини деб тахмин қилинади. Аммо қайси ҳудудда туғилганидан қатъи назар, бизнинг бунёдкор аждодимиздир.
Ўтган йил Самарқанд шаҳрида «Баҳодир Ялангтўшнинг Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли анжуман хулосасида Баҳодир Ялангтўш ҳақида тадқиқот ишларини кенг йўлга қўйиш, улуғ аждодимизни халққа яқиндан танитиш зарурлиги таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, биз у ҳақда эшитган, билган, айниқса Олчин қишлоғида яшовчи кишилар, зиёлилар, нуронийлар билан учрашиб, Ялангтўш ҳақидаги маълумотларни кенгайтириш мақсадида экспедиция уюштирдик.
Тўғри, орадан беш асрдан кўпроқ вақт ўтди. Бугунгача унинг авлодлари бор ё йўқлигини билмаймиз. Аммо улуғ шажара ҳақида тўлиқроқ маълумот тўплашдан умидвормиз. Мақсадимиз Баҳодир Ялангтўшнинг ўлмас сиймосини тиклаш. Бу борада бизга бирор маълумот етказмоқчи бўлганлар 93 991-31-22, 97 405-67-80, 97 286-86-40 рақамли телефонларга қўнғироқ қилишлари мумкин.
Жумақул КАРИМ.