Ўлдирилган журналист Хашукжининг унаштирилган қизи Саудия шаҳзодасини жазолашга чақирди

Саудия Арабистонининг Истанбулдаги Бош консуллигида ўлдирилган саудиялик мухолифат журналист Жамол Хашукжининг унаштирилган қизи Хатиже Женгиз қироллик валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни воқеага алоқадорлиги тўғрисида АҚШ ҳисоботи эълон қилинганидан кейин жазоланишини талаб қилди.

Аввалроқ АҚШ Миллий разведка директори идораси Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Хашукжининг ўлдирилишини шахсан ўзи маъқуллаган деб ҳисоблади. Саудия Арабистони расмийлари АҚШ разведкаси ҳисоботи хулосаларини рад этиб, "Ҳисобот нотўғри маълумотлар асосида тайёрланган" дея таъкидлашди. Баёнотга кўра, мамлакат ҳукумати жиноятни содир этганларга нисбатан аллақачон зарур чораларни кўрган.

"Мен маърузани мамнуният билан кутиб олдим. Аллақачон маълум бўлган ҳақиқат яна бир бор тасдиқланди. Аммо бу етарли эмас. Валиаҳд шаҳзодада адолат, ҳақпарварлик йўқ. Буни тан олиш ва бегуноҳ одамни шафқатсизларча ўлдириш буйруғи учун унга нисбатан жазо ҳаракатини бошлаш вақти келди, деди Женгиз ўзининг Twitter саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, валиаҳд шаҳзодани жазолаш келажакда шу каби жиноятларнинг олдини олишга ёрдам беради. "Агар қотиллик жазосиз қолса, бу бутун инсоният учун қора доғга айланади", дея қўшимча қилди ўлдирилган журналистнинг унаштирилган қизи.

Маълумки, Хашукжи 2018 йил октябрь ойида Истанбулда Саудия Арабистони консуллигида ўлдирилган. Дастлаб Саудия Арабистони ҳукумати унинг дипломатик ваколатхонада ғойиб бўлганини рад этди, аммо видео ва аудио ёзувлар пайдо бўлиб, бирмунча вақт ўтгач, улар Хашукжини "консуллик ходимлари билан жанжал оқибатида" ўлдирилганлигини тан олишга мажбур бўлишди. Туркия полицияси ҳануз унинг жасадини топа олмади.

Араб матбуоти Саудия Арабистони ҳукуматини танқид қилган Хашукжини ўлдириш буйруғи қиролликдаги тахт учун даъвогар - валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон орқали берилиши мумкинлиги ҳақидаги версияни илгари сурди. Бироқ, қироллик ташқи ишлар вазирлиги валиаҳд шаҳзоданинг бу жиноятга алоқадор эмаслигини айтди.

Интернет хабарлари асосида Г.Холдорова тайёрлади.