Олис ҳудуддаги мактаб ўқитувчиси минг доллардан зиёд маош оляпти

Қўшработ туманидаги 51-умумий ўрта таълим мактаби туман марказидан 70 километр узоқликда жойлашган. Мактаб 2024 йилда вилоят прокуратураси маблағлари ҳисобидан янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Бугун ушбу олис ҳудуддаги мактабга Бухоро, Жиззах, Фарғона, Наманган вилоятларидан 10 нафар олий тоифали ўқитувчи жалб қилинган. Уларга Республика Президентининг 2021 йил 11 январда “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 100 фоизли устама пуллари тўланяпти.
- Мен Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан келиб, инглиз тилидан дарс беряпман, - дейди олий тоифали ўқитувчи Азима Турсунова. – Президентимиз олис ҳудудларга бориб дарс берадиган ўқитувчилар 1000 долларгача маош олади, дегандилар. Мен бугунги кунда ушбу 51-мактабда ишлаб, ушбу суммадан ҳам кўпроқ иш ҳақи оляпман.
- Олис ҳудуддаги мактабга келиб ишлайман, деб ҳеч ўйламагандим, - дейди олий тоифали ўқитувчи Санобар Тожиқулова. – Мени мактаб раҳбарияти, ўқувчилар ва ота-оналар яхши кутиб олишди. Аҳолининг очиқ кўнгиллиги, биз ўқитувчиларга ишонч билдираётганини кўриб, астойдил меҳнат қиляпман. Олис ҳудуддаги мактаб ўқувчилари ҳам эртага ватанимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшадиган етук мутахассислар бўлиши керак.
Дарҳақиқат, айни кунда олис ҳудуддаги мактаблар ҳам вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Яқинда бошқарма бошлиғи Музаффар Ҳамдамов ушбу мактабда бўлиб, ўқитувчилар ҳолидан хабар олди. Мактабда яратилган шароитлар билан танишди. Ўқитувчиларнинг таклиф ва муаммоларини эшитди.
Ўқитувчилар таълим тизимидаги ислоҳотлардан, уларга яратилган шароитлардан мамнунлигини билдириб, таълим муассасасида интерактив доскаларни кўпайтиришда амалий ёрдам сўради. Бошқарма бошлиғи ушбу масала юзасидан маҳаллий ҳокимлик билан келишиб, унинг ижобий ечимини топишга ваъда берди.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати.