Олий Мажлис депутати тадбиркорларнинг эътирози ўринсиз эканлигини тушунтирди
Самарқанд шаҳридаги “Мармар” деҳқон бозорида фаолият юритаётган бир гуруҳ тадбиркорлар 2018 йилнинг август ойида бозор маъмуриятининг қўшимча йиғимларидан норози бўлиб, O‘zLiDeP вилоят кенгаши раисига мурожаат қилган эди.
Маълум бўлишича, бозор маъмурияти тадбиркорлардан (мол-мулк, электр энергияси, газ, сув, канализация, чиқинди чиқариш, қоровул хизмати ва бошқа тўловларни ичига оладиган) бозор инфратузулмасидан фойдаланиш бўйича савдо майдони ижара шартномасини тузишни талаб қилган.
Мазкур мурожаат юзасидан 2018 йилнинг 29 август куни экспертлар ва O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, солиқ ва молия идоралари ходимлари иштирокида муҳокама қилиниб, ижроси бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилган эди.
2019 йилнинг январь ойи охирида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Самарқанддаги сайловчилари билан учрашувида ушбу муаммо яна бир бор ўртага ташланди.
Тадбиркор Башорат Раҳматова O‘zLiDeP фракцияси раҳбари вазифасини бажарувчи Адҳам Шодмоновга юқоридаги масалага ойдинлик киритишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Унинг мурожаати халқ ноиби томонидан ўрганилиб, тадбиркорларнинг бозор маъмуриятига эътирози ўринсиз деб топилди.
– Тўғри, биз тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Аммо қонун олдида барча тенг ҳуқуқлидир. Илгари ҳудуддаги тадбиркорлар фақат ягона солиқ тўлаш билан кифояланган. Сир эмас, баъзи ҳолларда тўланган солиқлар давлат ғазнасига эмас, аксинча кимнингдир чўнтагига бориб тушган. Бугунги кунда барча соҳаларда бўлгани каби солиқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Самарқанд шаҳридаги “Мармар” бозор маъмурияти ўз-ўзидан эмас, балки вилоят ҳокимининг 2018 йил 17 февралдаги 100-сонли қарорига мувофиқ йиғимларни талаб қилган – дейди халқ вакили А.Шодмонов.
Бахтигул ҚАРШИЕВА,
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят
кенгаши матбуот котиби.