Олий суд, Адлия ҳамда Ёшлар ва спорт вазирликлари вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳи Самарқандда ёшлар билан мулоқот ўтказмоқда

Аҳолини жиноятчиликнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида хабардор қилиш, ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйишнинг самарали механизмини яратиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказмоқда. Жумладан, Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов бошчилигидаги гуруҳ аъзолари Ургут ва Тайлоқ туманларида бўлиб жиноятчилик сонининг ошишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир маҳалладаги фуқаролар билан жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги таклифларни тинглади. Шунингдек, жиноятлар сони ошган маҳаллалардаги учрашувларда туман ва шаҳар судлари судьялари томонидан сайёр судлар ўтказилди. Тадбирларда илм олиш ва спортда ютуқларга эришган фаол ёшлар ҳам иштирок этди. Шунингдек, профилактик ҳисобда турувчи шахслар ва тарбияси оғир ёшлар иштироки ҳам таъминланди. Бу икки тоифа ёшларнинг ёнма-ён ўтириб, давра суҳбатларида иштирок этиши катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлди. Ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйишнинг самарали механизмларини яратиш бўйича тарбияси оғир ёшларнинг ҳар тўрттасига биттадан тумандаги таниқли спортчилар бириктирилди. 

Ўтказилган давра суҳбатлари давомида фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича мурожаатлари ҳам кўриб чиқилди.

Аҳолини жиноятчилик ҳақида хабардор қилиш, ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйишнинг самарали механизмини яратиш юзасидан тарғибот тадбирлари давом эттирилмоқда. Тадбирларнинг расмийликдан йироқ, самимий ва самарали бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ишчи гуруҳлар томонидан навбати билан барча туман-шаҳарларда бўлиб, маҳаллаларда аҳоли билан учрашиб, очиқ мулоқотлар ташкил қилган ҳолда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказмоқда, дея хабар бермоқда Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.