Олий таълим вазирлиги QS халқаро рейтинг агентлиги билан ҳамкорлик шартномаси имзолади
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги юртимиздаги олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингга киришини қўллаб-қувватлаш бўйича Quacquarelli Symonds (QS) компанияси билан 2020-2021 йилларда ҳамкорлик бўйича стратегик шартнома имзолади.
Имзоланган шартномага кўра, вазирлик QS халқаро рейтинг агентлиги билан Ўзбекистонда олий таълимнинг глобал рақобатбардошлигини ошириш, халқаро академик жамиятида ва дунёнинг энг яхши университетлари рейтингида маҳаллий олий таълим муассасаларининг эътироф этилишини таъминлашда ҳамкорлик қилади.
– Ўзбекистон олий таълимининг нуфузини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро миқёсда тан олинишини янада ошириш олдимизда турган энг муҳим масалалардан бири, – деди Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов. – Шу нуқтаи назардан, ўз йўналишида дунёнинг етакчиларидан ҳисобланган QS компанияси билан ҳамкорлигимиз узоқ муддатли стратегик характерга эга бўлиб, мамлакатимиз олий таълим тизими, шунингдек, алоҳида ҳар бир олий таълим муассасаси фаолиятини халкаро мезонларга мосллаштиришга ёрдам беради.
Вазирлик ва халқаро рейтинг агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик қуйидаги йўналишларда олиб борилади:
➖ Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари тўғрисида, уларнинг ҳозирги ҳолати ва библиометрик кўрсаткичлари, онлайн-муҳитда фаоллиги ҳақидаги маълумотларини қиёсий таҳлил қилиш;
➖ Етакчи олий таълим муассасалари учун халқаро стандартларга мувофиқ тадқиқотлар стратегиясини шакллантириш;
➖ Олий таълим муассасаларининг компетенция ва салоҳиятлари асосида етакчи олий таълим муассасалари учун халқаро коллоборация стратегияларини шакллантириш.
– Компания Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилишдан манфаатдор ва улар билан профессионал мулоқотни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратади, - деди QS компаниясининг Марказий Осиё ва Шарқий Европа бўйича минтақавий директори Сергей Христолюбов. – Ўзбек университетларининг QS предмет ва институционал рейтингларига кириши, Европа ва Марказий Осиёда ривожланаётган мамлакатлар минтақавий рейтингида мавқеи ошишига ёрдам беришни истаймиз.