Онлайн боғча: Ким, нима ўрганди?
Республикамизда эълон қилинган карантин сабаб боғчалар фаолияти вақтинчалик тўхтатилганига бир ойдан ошди. Аммо таълим, машғулотлар тўхтагани йўқ. Фарзандларимиз уйда бўлса ҳам, боғча опаларининг назоратида, улар берган вазифалар ота-оналари ёрдамида бажарилмоқда. Хўш, онлайн боғча бизга нима ўргатди?
Тарбиячилар ўз устида кўпроқ ишлаётганини айтса, ота-оналар фарзанд билан муносабатни, уларнинг қизиқишини ўргандим дейди. Аслида-чи?
- Карантин даврида ҳам фарзандларимиз эътибордан четда қолмади, - дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Азизова. - Мактабгача таълим вазирлиги ташаббуси билан “Болажон” телеканалида онлайн боғча лойиҳаси ишга тушди. Бунда болажонларимиз “Илк қадам” ва “Ақлвой” давлат дастурлари асосида машғулотларни кузатмоқда. Бу айниқса, чекка туман аҳолиси учун айни муддао. Чунки вилоятимизнинг барча ҳудудларида интернет яхши ишламайди. Шунингдек, вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан онлайн гуруҳлар ташкил этилиб, унга барча туман ва шаҳарларнинг мактабгача таълим бўлимлари, тарбиячилар, методистлар, ота-оналар жалб қилинган. Мазкур телеграм гуруҳларида мактабгача таълим ташкилотининг таътил даврида, болалар кун давомида уйда зерикмаслиги ва билим кўникмаларини мустаҳкамлаши учун ота-оналарга тавсия берилмоқда. Ўз навбатида ота-оналар ҳам болалари билан машғулотлар олиб бориб, буни гуруҳда жойлаштириши мумкин.
Ҳар бир боғчанинг ўз телеграм гуруҳи бор. Тарбиячилар кундалик машғулотларни ота-оналар билан ҳамкорликда болаларга ўргатмоқда. Телеграм гуруҳлари ўзаро тажриба алмашиш, ўрганиш, изланиш майдонига айланди. Устоз-шогирд мактаби шаклланди. Бугунги кунда 11300 нафар ота-оналар ва педагоглар мазкур гуруҳ аъзоси.
- Неварам Нарпай туманидаги 1-мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси, - дейди Гулчеҳра Қодирова. – Карантин даврида ўтказилаётган машғулотлар биз, бувижонларни ҳам қизиқтириб қўйди. Шу вақтгача боғчада қандай таълим-тарбия берилишини яхши билмасдим. Энди ўрганиб олдим. Неварам онлайн машғулотларнинг аксариятини мустақил бажараяпти. Асосийси, болаларимиз таълимдан узилмади. Улар бўш вақтини мазмунли ўтказиш билан бирга таълим-тарбия ҳам олмоқда. Неварам ҳайвонот оламига қизиқар экан. Буни машғулотлар давомида англадим. Онлайн машғулотлар фарзандингизнинг қизиқишини ўрганишга ҳам кўмак берар экан
Онлайн машғулотлар тарбиячилар билан ота-оналар ўртасидаги масофани янада яқинлаштирди, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлади. Фарзандлари қай тартибда, қайси мезонлар асосида таълим-тарбия олаётгани ота-оналарга маълум бўлди.
- Онлайн гуруҳлар орқали тарбиячилар фикр алмашаяпти, ўз камчиликлари устида ишлаяпти, ота-оналар ҳам фаол, - дейди методист Барно Асомиддинова. - Улар фарзандлари томонидан бажарилаётган топшириқларни, машғулотларни видеоролик қилиб гуруҳларга ташлаяпти. Шу ўринда айрим ота-оналаримиз фарзандларининг машғулотларига бефарқ эканлиги кишини ранжитади. Бугунги синовли кунларда бир-биримизни қўллаган ҳолда иш олиб боришимиз керак-да. Эрталаб 5 дақиқа бадантарбия билан шуғулланиш, сурат чиздириш, рангли қоғозларни турли шаклларда кесиб, майдаланган бўлакларни қоғозга чизилган ҳайвон суратига ёпиштириш боланинг ақлий қобилиятини ривожлантиради.
Вилоят мактабгача таълим бошқармаси шу кунларда “Энг фидойи педагог”, “Энг ижодкор болажон”, “Ижодкор оила” номинациялари бўйича онлайн танловлар ўтказмоқда. Шунингдек, видеомашғулотлар мониторинг қилиниб, "Энг фаол туман", "Энг ижодкор туман", "Энг машғулоти сифатли" номинациялари бўйича танловлар режалаштирилган.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.