Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оқдарё: енгил саноат ривожланмоқда, экспортчи корхона кўпаймоқда

Оқдарё туманида бугунги кунда 300 га яқин ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудда инвестициявий дастурларни рўёбга чиқариш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш, янги иш ўринларини яратиш, ҳудудни комплекс юксалтириш бўйича истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқариш кенг жорий қилинмоқда.

Истиқболли лойиҳалар

- Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2020-2022 йилларга мўлжалланган дастур доирасида қиймати 476 миллиард 620 миллион сўмлик 60 та лойиҳа бўйича 1016 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган, - дейди туман ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосари Баҳодир Жўраев. - Унинг ижроси доирасида 2020 йилнинг ўтган олти ойи давомида 82 миллиард 600 миллион сўмлик 17 та лойиҳа ишга туширилди ва 155 та иш ўрни яратилди. Ўтган йили 26 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар экспорт қилинди. Бу кўрсаткич олдинги йилга қараганда 13 миллион АҚШ долларига кўп. Жорий йилдаги мўлжал уни 30 миллион АҚШ долларига етказишдир.

Ўтган йили туманимиз иқтисодиётига 6 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий сармоя киритилган бўлса, жорий йил дастури бўйича бу кўрсаткич 12 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг январь-июнь ойларида 18,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги тўғридан тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди.

« Vaksina farm medikal» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги дори воситалари ишлаб чиқарадиган корхона ҳам истиқболли лойиҳалардан биридир. Хитойлик ҳамкорлар билан тикланаётган мазкур йирик иншоотга 110 миллиард сўм миқдоридаги сармоя киритилиши белгиланган. Ўтган давр мобайнида 18 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. Албатта, дунё миқёсида рўй бераётган коронавирус пандемияси асоратлари қурилиш ишларини муддатида якунлашга бирмунча тўсқинлик қилгани рост. Шунга қарамай лойиҳани жорий йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Бу эса 120 та янги иш ўрни яратилишини таъминлайди.

Халқимизда “Излаган имкон топар”, деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган. Йиллар давомида фойдаланилмай ётган ерлар тадбиркорларнинг ташаббуси билан йирик ишлаб чиқариш мажмуасига айлантирилмоқда, маҳсулот тайёрлаш турлари кўпайтирилиб, ҳажми ошиб бормоқда. Хусусан, тумандаги « Hakim bobo grand» хусусий корхонасида замонавий эшик ва мебеллар ишлаб чиқарилмоқда, “Zarafshon global quruvchi” корхонаси мева-сабзавотларни қуритиб, қадоқласа, якка тартибдаги тадбиркор Улуғбек Мирзаев қоғоз салфеткалар, тагликлар, “Mineral invest” корхонаси оловга чидамли ғишт, кафел ва маъданли сув ишлаб чиқармоқда.

Худди шундай «Бошдархон» кичик саноат зонасида ҳам 10 га яқин оилавий тадбиркорлар фаолияти кенг йўлга қўйилиб, 300 нафар киши ишга жойлаштирилди. Буларнинг ҳаммаси қишлоқларда саноатнинг ривожланиб бораётганлиги, иқтисодиётда амалга оширилаётган таркибий ўзгаришларнинг самараси, албатта.

Плёнка остидаги «дала»лар

Туманда кейинги йилларда хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда самарасиз ҳисобланган 13 гектар майдонда кичик агросаноат зонаси ташкил этилиб, гидропоника усулида ишлайдиган йирик иссиқхоналар ишга туширилди. Термостат усулидаги бундай плёнка остидаги далада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тупроқсиз, махсус жиҳозланган шароитда, сувда эритилган озуқа моддалари ёрдамида етиштирилади. Оддий усулда бир туп помидор кўчатидан 2,5-3 килограмдан ҳосил олинса, гидропоника усулида бу кўрсаткич 10-12 килога етади. Энг муҳими, иссиқхоналардан экологик тоза, харидоргир, экспортбоп маҳсулот олинади. Тадбиркорлар томонидан ўтган йили ички истеъмол бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш баробарида 7 миллион АҚШ доллари қийматидаги помидор, бодринг, булғор қалампири хорижга экспорт қилинди.

Шундай корхоналардан бири “Sam green agro hous” масъулияти чекланган жамияти ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда хорижий ишбилармонлар томонидан кичик агросаноат зонаси ҳудудидан ҳар бири 1 гектардан иборат иккита йирик иссиқхона қурилмоқда. Лойиҳа қиймати 6 миллион АҚШ доллари, шунинг 2 миллион 300 минг АҚШ доллари кореялик ишбилармонлар томонидан тўғридан-тўғри инвестиция киритиш йўли билан қурилаётган термостатли плёнка остидаги далада 2 минг тонна бодринг, минг тонна помидор етиштириш имконияти мавжуд. Бу эса қишлоқда яшаётган аҳолининг 130 нафарини доимий иш билан таъминлаш имконини беради. Мазкур лойиҳа ҳам жорий йилнинг декабрь ойигача ишга туширилади.

“Даҳбед”нинг юмшоқ ўйинчоқлари хорижда

Туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 июлдаги «Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ҳам қатор ишларга қўл урилди.

Хусусан, Даҳбед маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 4 гектар ерда «Даҳбед» кичик саноат зонаси ташкил этилди. Ҳозирги кунда бу ерда 8 та истиқболли лойиҳа жойлаштирилиб, ишлаб чиқариш жараёнлари бошлаб юборилди. Эътиборли жиҳати, тайёрланаётган маҳсулотларнинг 50 фоизи хорижга йўналтирилмоқда.

Сир эмас, яқин-яқингача чиройли, бежирим, кўзни қамаштирадиган тўқимачилик маҳсулотлари, юмшоқ ўйинчоқлар, болалар учун мебелларни четдан валюта эвазига келтирар эдик. Бугун вазият ўзгарди. Тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилганлиги натижасида бундай маҳсулотлар оилавий корхоналарда ҳам тайёрланиб, унинг бир қисми чет элга экспорт қилинмоқда. “Даҳбед” саноат зонасида фаолият юритаётган “Amonov mebel tekstil” оилавий корхонаси ана шундай сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.

- Корхонамиз учун бўш ер майдонидан 3 минг квадрат метр жой ажратилди, - дейди корхона раҳбари Шаҳрам Омонов. – Қисқа вақт ичида бино бунёд этиб, замонавий технологиялар билан жиҳозладик. Пандемия шароитида ҳам фаолиятимизни тўхтатганимиз йўқ. Маҳсулотларимиз фақат кичкинтойларга (чақалоқлардан тортиб 15 ёшгача) мўлжалланганлиги боис уларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Бундай бежирим ўйинчоқларга бир қатор хорижий давлатлардан буюртма тушмоқда.

Вельвет жилоси

- Вельвет матоларидан тайёрланган кийим-кечак ҳамда кўрпа-тўшак, ёстиқ жилдлари, бошқа уй буюмлари ўзининг жилоси, кўркамлиги, безаклари, сифати билан бошқа саноат материалларидан кескин фарқ қилади, - дейди «Sam vel tekstil» корхонаси иш бошқарувчиси Отабек Комилов. - Шу боисдан вельвет матоси бозоргир ҳисобланади. Зеро, бозор иқтисодиёти шароитида бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш иқтисодиётни мустаҳкамлаш, корхоналарнинг моддий манфаатдорлигини оширишда муҳим ўринни эгаллайди.

Дарҳақиқат, туманда «Sam vel tekstil» корхонасининг ишга туширилиши бу йўлда ташланган муҳим қадам бўлди. Лойиҳа қиймати 1 миллион 200 минг АҚШ доллари бўлган мазкур кичик корхонада 20 та янги иш ўрни яратилиб, вельвет матоларидан суткасига 200 погонаметр кўрпача ва ёстиқ жилдлари тайёрланмоқда.

Корхонада Бельгиядан келтирилган иккита замонавий тўқиш дастгоҳи ўрнатилган бўлиб, барча ишлар тўлиқ автоматлаштирилган. Компьютерга киритилган буюртма дастур лойиҳаси асосида тўқиш дастгоҳига ўрнатилади ҳамда махсус табло орқали бошқарилади. Албатта, туманда маҳаллийлаштириш дастури бўйича вельвет маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш импорт ўрнини камайтириш билан бирга уни хорижга экспорт қилиш имкониятини ҳам бермоқда.

***

Оқдарёда бу саъй-ҳаракатларнинг туб моҳияти бир нарсага - мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, одамлар ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Адҳам ҲАЙИТОВ,

Лутфулла ШОМУРОДОВ.