"Оқдарё" сув омбори атрофида соҳилбўйи дам олиш маскани бунёд этилади

Иштихон туманидаги "Оқдарё" сув омбори атрофида тўрт фаслда ҳам аҳоли ва туристлар дам олиши учун мўлжалланган “Тойтуёқ” экотуризм маскани ташкил этилади.

Бу давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 апрелдаги “Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқарув тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Шу кунларда қарор ижроси доирасида Иштихон тумани ҳокимлиги томонидан Тойтуёқ маҳалласида экотуризм масканини ташкил этиш лойиҳаси бошланди. Сув омборининг Тойтуёқ маҳалласи ҳудудида жойлашган қисмида 43 гектардан ортиқ майдонда 2026-2027 йилларда янги дам олиш маскани бунёд этилади. Бунинг учун 85,5 миллиард сўм маблағ сарфланиши, натижада 220 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

“Тойтуёқ” туристик марказининг мастер режасини ишлаб чиқиш учун республика бюджетидан 30,9 миллиард сўм маблағ ажратилди, - дейди туман ҳокимлиги бўлим бошлиғи Азамат Шониёзов. – Режага кўра, ушбу маблағ ҳисобидан 3,5 километр қирғоқни мустаҳкамлаш, ички йўлларга 8 километр асфальт ётқизиш, 15 километр масофада "Саломатлик йўлаги"ни қуриш, 50 метр куб ҳажмдаги битта ичимлик сув иншооти қуриш, 4,5 километр канализация, 2,2 километр сув тармоғи тортиш ишлари олиб борилади. Шунингдек, битта 100 метр куб ҳажмли оқова сувларни қайта ишлаш иншооти, 1 та трансформатор пункти, 3,3 километр электр тармоғи, 375 дона кўча чироқларини ўрнатиш ишлари бажарилади.

Барча ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилгандан сўнг ерлар очиқ аукцион савдоларига чиқарилади. Бунда умумий овқатланиш (балиқчилик ) 1,4 гектар (1 та лойиҳа), савдо ва хизмат кўрсатиш объекти 3,7 гектар (22 та лойиҳа), соғломлаштириш маркази (санатория) 1,9 гектар (1 та лойиҳа), савдо, маиший хизмат ва хостел хизмати 3,8 гектар (14 та лойиҳа), дам олиш ва кўнгилочар масканлар 4,6 гектар (10 та лойиҳа)га бўлинган ҳолда савдоларга чиқарилади.
Ушбу маскан туманнинг 290 мингга яқин аҳолиси ва бошқа ҳудудлардан ҳам келадиган дам олувчилар учун қулай сайёҳлик маркази бўлади.
Президентимизнинг юқорида келтирилган қарорига асосан "Каттақўрғон" сув омборининг жанубий қисмидаги 45 гектар ер майдонида (“Саройқўрғон” ўрмон хўжалиги ҳудудида) ҳам умуммавсумий туристик мажмуа ташкил этиш белгиланган.

Ўктам Худойбердиев.