Оқдарёда афғон инвесторлари иштирокида бамия етиштирилади
Оқдарёда журналистлар ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Биринчи манзил Ўрта Осиёда ягона бўлган “Юнусжон аҳли” МЧЖ сояни қайта ишлаш заводи бўлди. Туманнинг Бошдархон маҳалласида жойлашган ушбу корхонада соядан тўрт турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.
- 2017 йилда Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида корхонамиз фаолияти билан танишган ва уни кенгайтириш, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш бўйича топшириқ берган эди, - дейди корхона раҳбари Фурқат Обидов. – Шу асосда фаолиятимизни кенгайтириб, маҳсулот турларини кўпайтирдик. Ишлаб чиқаришни Хитой технологияси асосида йўлга қўйганмиз. Маҳаллий бозорда харидорларимиз асосан колбаса, сасиска, умуман, гўшт ва гўшт маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар, қолаверса, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга маҳсулотларимизни экспорт қиляпмиз. Ўтган йили пандемия сабаб экспорт ҳажми 1 миллион 600 минг АҚШ долларини ташкил этди.
Етмишдан ортиқ иш ўрни яратилган ушбу корхонада сояни қайта ишлаб соя ёғи, чорва ва парранда учун озуқа тайёрланяпти. Энг муҳими, маҳсулот таркиби турли кимёвий қўшилмалардан холи, 100 фоиз табиий.
Оқдарё тумани иккита катта дарё – Оқдарё ва Қорадарё оралиғида, ҳар томонлама қулай ҳудудда жойлашган. Шу жиҳатда туман бугунги кунда туризм соҳасида ҳам ўз имкониятларини ишга солмоқда.
“Дархон балиқлари” МЧЖ қошида замонавий оромгоҳ ташкил этилган. 3,5 гектардан ортиқ ҳудуднинг 1,5 гектарида жойлашган оромгоҳ меҳмонхона, бир нечта ошхона, 2 та чўмилиш ҳавзаси ва турли дам олиш ҳамда кўнгилочар масканлардан иборат.
- Аввал биргина балиқчилик хўжалиги бўйича иш бошлагандик, - дейди хўжалик раҳбари Шуҳрат Розиқов. - Давлатимиз томонидан туризмга эътибор берилаётгани ҳамда ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб, Халқ банкининг 5 миллиард сўм кредити ва ўз маблағимиздан маҳаллий ва хорижидан келувчи туристлар учун оромгоҳ ташкил этдик.
Ҳозирча ўн бешга яқин ходим ишлаётган оромгоҳ тўлиқ ишга тушса, 60-70 киши ишли бўлади.
Пресс-тур иштирокчилари тумандаги «Умиджон элита» МЧЖ иссиқхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Иссиқхона 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда йигирмага яқин хотин-қиз иш билан банд.
- 5 гектардан иборат иссиқхонанинг 3 гектарига лимон экканмиз, - дейди МЧЖ раҳбари Фахриддин Бобомуродов. – Лимон кўчатлари орасида картошка, пиёз, турли ошкўклар ва сабзининг Голландиядан келтирилган навини етиштиряпмиз. Йил давомида уч мартагача ҳосил оламиз. Ҳозирда маҳсулотларимизни маҳаллий бозорга сотяпмиз. Келажакда хорижга, хусусан, Исроилга экспорт қилиш бўйича шартнома тузяпмиз.
Пресс-тур сўнггида матбуот анжумани ташкил этилди. Туман ҳокими Нажмиддин Сулаймонов олиб борилаётган ишлар, яқин келажакдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди.
- М-37 автомагистрал йўлининг 47 километри туманимиз ҳудудидан ўтганлиги бизга кўп имкониятлар эшигини очади, - деди Н.Сулаймонов. – Хусусан, Даҳбед массивида енгил конструкцияли 40 та нон маҳсулотлари савдо шохобчаси, 30 та озиқ-овқат дўконлари, 20 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, Пичоқчи маҳалласида қиймати 23 миллиард сўм бўлган агрологистик марказ ва 3 та хусусий клиника ташкил этамиз. Бу билан 500 та янги иш ўрни яратилади. Туманимизда тўқимачилик ва трикотаж ҳамда фармацевтика саноатининг улуши ошиб бормоқда.
Туманда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш бўйича чет эллик инвесторлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, афғонистонлик тадбиркорлар билан бамия етиштириш ва экспорт қилиш имконияти кўриб чиқиляпти. Ҳозирча 15 гектар ерга синов тариқасида экилади. Етиштирилган маҳсулот Россияга экспорт қилиниши режалаштирилган.
Сулаймон Мардиев,
Бахтиёр Мустанов (фото).