Оқдарёда болага эътиборсизлиги учун тарбиячи ҳамда энага ишдан бўшатилди
Ижтимоий тармоқ ва жамоатчилик орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлаётган Оқдарё туманидаги 63-махсус мактаб-интернатидаги ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати баёнот берди.
Оқдарё туманидаги 63-махсус мактаб-интернатидаги ҳолат вилоят халқ таълими бошқармаси, туман ҳокимлиги ва журналистлар томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, муассасанинг 5 “А”-синф ўқувчиси С.И. Самарқанд вилояти Нарпай тумани Оқтош шаҳри А.Равшанов кўчаси, 32-уйда ота-онаси билан бирга яшайди.
Тарбияланувчи ушбу муассасага 2015 йилда “Олигофрения дебиллик даражаси нутқ нуқсони” ташхиси билан қабул қилинган.
2020 йил 23 январь куни тарбиячи Ш.Т. навбатчилиги вақтида, эрталаб соат 6:00 ларда ташқарига чиққан. Шу вақтда тарбияланувчи С.И. ҳам унинг орқасидан ташқарига йўл олган. Бундан хабардор бўлмаган ҳолда тарбиячи Ш.Т. ўз иши билан машғул бўлган.
Шундан сўнг тарбияланувчи С.И. 30-40 дақиқа оралиғида ташқарида қолиб кетган. Шу вақт мобайнида тарбияланувчида “талваса синдроми” кузатилган. Тарбияланувчини ётоқхона биносига олиб киришган. Муассаса директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари З.Фозилова туман тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилган.
Тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келгунга қадар тарбияланувчи С.И.га биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида оёғининг таг қисмига иссиқ сув солинган елим идиш (баклашка) қўйиб, иссиқ мато билан ўраган.
Эҳтиётсизлик оқибатида боланинг оёғининг таг қисми куйиб, пуфакча ҳосил бўлган. Шу сабабли ҳозирча оёққа тургани йўқ. Туман тиббиёт ходимлари боланинг умумий аҳволи яхши эканлиги, 1 ҳафта-10 кунда тузалиб, мактабга қайтиши мумкинлигини билдиришган.
Ушбу ҳолат бўйича ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги учун муассаса тарбиячиси Ш.Т. ва тунги энага О.Т.лар мактаб директорининг 2020 йил 25 январдаги №-9, №10-сонли буйруқлари асосида вазифасидан озод этилган.
Ходимларга нисбатан етарлича эътиборда бўлмаганлиги сабабли муассасанинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари З.Ф., бош тарбиячи Ҳ.А. ва тунги энага Г.Т.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддаси 1-бандига асосан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.
Боланинг онаси билан ўтказилган суҳбатда С.И. 5 йилдан буён ушбу мактабда ўқиётганлигини, ушбу ҳолат тасодифан бўлганлигини, мактаб раҳбарияти ва ўқитувчиларига ҳеч қандай эътирози йўқлигини айтган.