Оқдарёдаги 32-мактабга барча вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарлари келди
Бугун Оқдарё туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактабига республикамизнинг барча вилоятларидан мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиқлари, туман мудирлари, мактаб директорларидан иборат делегация келди. Президент ташрифидан сўнг Оқдарё тажрибасини ўрганиш мақсадида келган меҳмонлар мактабдаги ўқитиш жараёнлари ва касб-ҳунар тўгараклари билан танишди.
Зоя Арзибаева, Нукус тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири:
– Ҳар бир тўгарак раҳбари билан гаплашиб чиқдим. Мактаб тўгарак раҳбарларига бепул жой беряпти, улар эса ҳам шогирд тайёрлаб, ҳам маҳсулотини бозорга чиқараяпти. Ўқувчиларни касбга ўргатаётганидан ҳам мактаб манфаатдор, ҳам тадбиркор фойда топаяпти. Бизнинг туманимизда 32 та мактаб ва битта Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб бор. Ҳозирча битта мактабда касб-ҳунар ўргатиш тўгараклари ташкил этганмиз. Бошқа мактабларда ҳам босқичма-босқич юқори синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатишни йўлга қўйишни режалаштиряпмиз. Оқдарё туманидаги ушбу мактабдан кўп нарсаларни ўргандим, минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши экан.
Илёс Жўраев, Навоий шаҳридаги 20-умумий ўрта таълим мактаби директори:
- Кейинги йилларда ўқувчиларни олий таълимга қамраш билан бирга уларни касб-ҳунарга йўналтиришга ҳам Президент томонидан таклиф ва топшириқлар берилди. Оқдарё туманидаги 32-мактабда француз тили иккинчи чет тили сифатида олти ойдан бери ўқувчиларга ўргатилиб келинаётган экан. Аслида чет тили сифатида инглиз тили ўргатилади. Мактабда ҳар бир чет тили дарслигининг ёнида давлат тилида ёзилган ўзбек тилидаги таржима жорий этилибди. Мактабдаги кулолчилик, сандалчилик, меъморчилик, сантехниклик, тикувчилик тўгаракларида ўқувчилар ҳам касб ўрганиб, ҳам пул топаётгани эътиборни тортади. Бу мактабдан олганларимизни албатта ўзимизда йўлга қўямиз.
Республикамиз бўйича ҳар бир ҳудуддан келган семинар иштирокчилари Оқдарё тажрибаси билан яқиндан танишди. Тўгарак раҳбарларини саволга тутиб, билмаганларини ўрганди. Энди барча мактабларда босқичма-босқич юқори синф ўқувчиларига иккита чет тили ва битта касб-ҳунар ўргатиш жорий этилади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.