Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқиган отасига шаҳар олиб беради!

Бу ибора кўп ҳолларда “Ўқиб шаҳар олиб берармидинг?” тарзида салбий маънода қўлланилади. Ўқиган, изланган, келажаги йўлида меҳнат қилган бола албатта ота-онасига “шаҳар олиб беради”. Бунинг учун бой, зиёли ёки юқори мансаб эгаси бўлиш шарт эмас. Бу борада фарзандини илм олишга тўғри йўналтирган ва унинг келажагини ҳамма нарсадан устун қўйганлар сира ютқазмайди.

Бу ҳақда фикрлашишдан аввал яқинда интернет саҳифаларида ўқиган иккита мисолга эътиборингизни қаратсам.

Биринчи мисол: бундан 28 йил олдин ҳиндистонлик Сундар Пичай исмли йигит AҚШнинг Стенфорд университетида ўқиш учун грант ютади. Бироқ Ҳиндистондан у ерга учиб боришга маблағи бўлмайди. Шунда отаси ўзининг қарийб бир йиллик маошига тенг пулга унга чипта олиб беради. Йигит умрида биринчи марта самолётга чиқиб, AҚШга учиб кетади.

2015 йилда Сундар Пичай жаҳоннинг энг бой компанияларидан бири Google ширкатининг бош директори этиб тайинланади. 2019 йилда унинг йиллик маоши 281 миллион долларга тенг бўлган. Отанинг бир пайтлар қилган жасорати, фарзандининг келажаги учун тамал тоши бўлди ва ўз мевасини берди.

Иккинчи мисол: англиялик 10 ёшли Тилли Смит исмли қиз БМТда нутқ сўзлагани ва унинг шарафига астреоидлардан бири “20002 Tillismit” деб номланганини ўқиб қолдим. Бунга сабаб у 2004 йилда Ҳинд океанида юз берган цунамида юзлаб кишиларни қутқариб қолган. Яъни, Тилли денгиз бўйида ота-онаси билан дам олаётган чоғида денгизда ғайриоддий тўлқинни кўрган ва география дарсида бундай тўлқиндан сўнг цунами юз бериши ҳақида ўқиганини эслаган. Дарҳол сайёҳларни огоҳлантириб, соҳилни тарк этишга кўндирган. Кўп ўтмай цунами юз берган...

Хўш, биз бу каби мисоллардан ўзимизга қандай хулоса чиқарамиз. Айтинг-чи, бугун фарзандингизга қандай тарбия беряпсиз, у нималар билан машғул, қандай муаммолари бор, келажакда ким бўлмоқчи?

Очиғи, кўпчилик ота-оналар рўзғор тебратиш учун ишда, кўчада ёки уйда бирор юмуш билан банд бўлади ва бола тарбиясига кам вақт ажратади. Айниқса, ёш болалар тарбиясига жуда бефарқ бўлади, фақат қорнини тўйдирса бас. Ачинарлиси, бола йиғласа телефон бериб овутишади. Ахир бу ҳаракат билан фарзандларимиз онгини ўзимиз заҳарламаяпмизми?

Сир эмас, бугун аксарият ёшларимиз телефондан бошини кўтармайди. Бўш вақтида телеграм, имо, инстаграм, тик-ток, ватсап ва шу каби ижтимоий тармоқларда “ётиб олади.” Шунингдек, уларнинг бу тармоқларда минталитетимизга зид беҳаё сурат ва видеоларини ва ҳаёт учун хавфли монтажларни жойлаштирганини айтмаса ҳам бўлади.

Маълумотларга қараганда, кейинги пайтда қонунбузилиш ҳолатлари, оилавий можаролар, ажримлар, келишмовчиликлар асосан ёшлар ўртасида қайд этилган. Жумладан, ижтимоий тармоқларда “Ёш қиз ўз жонига қасд қилди”, “Мактаб ўқувчиси ўқитувчисини урди”, “Фарзанд ота қотилига айланди”, “14 ёшли бола машина ўғирлади” ва бошқа шундай мазмундаги хабарларга кўзимиз тушади. Бу каби салбий ҳолатларнинг асосий сабаби оиладаги муҳит, эътиборсизлик ва илимсизлик эканлигини наҳотки билмаймиз.

Бугун фарзандларимизга тўғри тарбия бермасак, китобни севишга, ҳунар ўрганишга йўналтирмасак келажакда улардан нима кутамиз? Ихтирочи Томас Эдисон айтганидек, “Даҳоларнинг сири – меҳнат, қатъиятлилик ва соғлом фикрлашдир”. Яхши натижага фақат орзу билан эришиб бўлмайди. Ҳар қандай ютуқ ва муваффақият ортида интилиш, изланиш ва меҳнат туради.

Тўғри, юртимизда ҳам ёшлар ўқиб, изланиб, ўнлаб халқаро билим юртларига ўқишга кирмоқда, давлат мукофотлари билан тақдирланиб, жаҳон миқёсида кўрик-танловларда ва спорт мусобақаларида ғолиб бўлмоқда. Сўнгги уч йилда республикамиз ёшлари халқаро танлов ва мусобақаларда беш мингдан ортиқ совринли ўринларни қўлга киритиб, кўплаб халқаро университетлар талабаси бўлган. Масалан, яқинда Чуст туманидаги 52-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Сардор Аложонов муддатидан аввал бирданига тўққизта халқаро олийгоҳ талабалигини қўлга киритди.  Бу аввало, у каби ёшларнинг илм олишга интилиши, ота-онасининг эътибори, яратилган имкониятдан тўғри фойдалангани натижасидир. Ҳеч бўлмаса, атрофимиздаги ана шундай ёшлардан, уларнинг ота-оналаридан ибрат олайлик. 

Фазлиддин Рўзибоев.