Ўқувчи-ёшлар имтиёзлардан баҳраманд бўлди
Самарқанд шаҳрида вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси ташаббуси билан “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида вилоятдаги махсус касбий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар учун байрам тадбири бўлиб ўтди.
Вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ўрта махсус ўқув юртларининг ногиронлиги бўлган 74 нафар ўқувчилари ва уларнинг устоз-ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бу каби ўқувчи-ёшларга давлатимиз томонидан имтиёз ва имкониятлар яратилаётгани, улар ўзларини ёлғиз ҳис этмаслиги, зарур билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, тенгдошлари қатори соҳа ва тармоқларда меҳнат қилиши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар мавжудлиги борасида ўз фикрларини билдирди.
Дастлаб ёшлар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари ҳамда Регистон майдони, Амир Темур мажмуаси, Бибихоним мадрасаси каби тарихий ёдгорликларини зиёрат қилишди.

Бир пиёла чой устида давом этган тадбирда намойиш этилган байрамона концерт ва шоу дастури ёшларда катта таассурот қолдирди. Маънавий тадбир якунида ташкилотчилар ёшларга байрам совғаларини топширди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.