Ўқувчилар ёзги таътилни қандай ўтказяпти?

Ёзги таътил болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши, янги билим ва кўникмаларни эгаллаши учун энг қулай давр. Айни таътил вақтида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида мактабларда кундузги соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этилган.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 42-мактабда ташкил қилинган “Қувноқ болалик” номли оромгоҳда 7–12 ёшли болалар учун ҳар куни соат 08:00 дан 12:00 гача машғулотлар ўтказилмоқда. Ўқувчилар ижод ва меҳнат, компьютер саводхонлиги, театр, моҳир қўллар, китобхонлик, ёш мусаввирлар, мусиқа ва спорт тўгаракларида қатнашиб, истеъдодларини намоён этишмоқда.

– Таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Самарқанд шаҳридаги 42-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Умида Нажимова. – Оромгоҳда ҳар бир бола ўз қобилиятини намоён этиши, янги билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун барча шароитлар яратилган. Турли спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ва қизиқарли тўгараклар ўқувчиларнинг бўш вақти чоғ ўтишига хизмат қилмоқда. Энг муҳими, оромгоҳ болаларга нафақат қувонч ва яхши таассуротлар бағишламоқда, балки уларнинг ҳар томонлама камол топиши, дунёқараши кенгайиши ва янги билимларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Ясмина Эшонқулова.