Ўқувчисига «Спарк» олиб берган ўқитувчи, фортепьянони сайратган ҳоким, далаларини ялангоёқ кезган фермер

Ҳар гал хизмат сафарига чиққанимда, у ёки бу мавзуда мақола тайёрлаш учун жойларга борганимда суҳбатдошларимдан имкон қадар кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қиламан, ҳар бир детал асқотади баъзида. Шундай кезлари соҳасининг фидойиларини учратиб қолсам, худди хазина топган одамдай қувончимни ичимга сиғдиролмайман. Ва келаси сафар ўз соҳасининг жонкуяр фидойилари, албатта, навбатдаги мақоламнинг қаҳрамонига айланади.

Қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган сафардаги ҳамроҳларимнинг ҳар бири ўзига хос иқтидор эгаси, соҳасининг билимдонлари эканига сафар давомида амин бўлдим. Гарчи бу аёллар билан илгари ҳамсуҳбат бўлган, баъзилари ҳақида кўп маълумот билсам ҳам. Гап Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан пойтахтда ўтказилган байрам анжуманларига Самарқанддан йўл олган бир гуруҳ аёллар ҳақида бормоқда.

- Бир умр аёллар билан ишлаганман, доим уларни турли анжуманларга жўнатар, кези келганда кўйлаклар тиктиртириб беришгаям бош бўлардим, аммо ўзим илк бор мамлакатимиз раҳбари иштирок этаётган анжуманга боришим, -дейди меҳнат фахрийси Дилбар Имомова. - Шу ёшимда бўлсаям бу анжуманга боришнинг ўзиёқ менга масъулият юклайди.

“Афросиёб” тезюрар поездида йўлга чиққан аёллар турли соҳа вакиллари бўлса-да, улар шу жамиятнинг жонкуярлари, ҳар бир ташвишидан қалби оғрийдиган, ютуғидан қувонадиган, фикрлари муштарак бўлгани учун суҳбат осонгина ўз ўзанини топди.

Оилалардаги нотинчликларда, фарзандларга бу ҳолатларнинг нечоғлик салбий таъсири ҳақида гап бошларкан, СамДУ умумий психология кафедраси ўқитувчиси Абира Баҳромова оилалар билан ўтказган амалий жараёнлар ҳақида сўзлаб берди. Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бош мутахассиси Фароғат Шокирова бу масалада олиб борилаётган ишларни рақамларда ифодалади. Оилалалардаги муаммолар, ютуқлар мавзуи жамиятдаги ўзгариш, ислоҳотларга уланиб кетди.

Тошкентга боргач, самарқандлик аёллар бошқа вилоятлардан келган хотин-қизлар қатори иззат-икром билан кутиб олиниб, шаҳар марказидаги меҳмонхоналардан бирига жойлашдилар. Меҳмонхона турли вилоятлардан келган, кўксида медаллари ярқираган, фидойи, камтаргина ўтирса-да анчагина марраларга эришиб қўйган хотин-қизларнинг суҳбат майдонига айланди. Лифтда, меҳмонхона фойесида, ошхонада Қаҳрамон, у ёки бу соҳада хизмат кўрсатган онахонлар, чемпион қизлар, олималар, ҳоким опалар билан тўқнаш келиб қоласиз.

- Ҳокимиятдан пойтахтга байрамга борасиз, дейишса, вой, ўқувчиларимни қандай ташлаб кетаман уч кунга, дебман, - гапга кўп аралашмай ўтирган Нигора Ҳусанова хонадош бўлганимдан сўнг, яккама якка қолганимизда анча «очилди». - Пахтачи туманининг чекка қишлоғидаги 24-умумтаълим мактабида она тили ва адабиёт фанидан дарс бераман. 2019 йили икки ўқувчим турли ёш тоифасида “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида қатнашди. Бири - Муҳайё Ўроқова биринчи ўринни эгаллаб, «Спарк» автомобили совриндори бўлди, иккинчиси тўртинчи ўринни банд этди. Ўқувчиларга китоб ўқитиш қийин, дейишади. Лекин ўқитувчини ўзи китоб ўқиши, ўз устида изланиши керак, аввало.

Нигорахоннинг ишдан бўш пайти асаларичилик билан шуғулланиб, фарзандлари билан картошка етиштириши, кечаси нон ёпиб, вақти қолса кашта тикишини эшитиб тасанно айтдим.

Анжуман қатнашчилари биринчи кун “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гуллар қўйиб, янги барпо этилган “Ғалаба боғи”ни томоша қилишди. Боғдаги «Шон-шараф» музейи томошаси кўпчиликни ҳайратга солиш баробарида уруш йилларидаги аламли воқеликларни жонлантириш орқали нигоҳларни ёшлади. Пошнали туфлида айланган баъзи аёлларнинг чарчадим дегандай ҳолига нарпайлик Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор 70 ёшли Зайнаб опа Ҳайдарова «Мен далаларимни ялангоёқ айланардим, ҳар тикони қаердалигини биламан, “Ғалаба боғи”ни айланишдан чарчаш мумкинми?», дея ёшларни уялтириб қўйгани ҳам рост.

Кечки таомланишдан сўнг турли вилоят аёллари бир бири билан суҳбат қуришига имкон бўлди. Меҳмонхона фойесида тўсатдан майин мусиқа овозининг янграши ҳамманинг диққатини тортди. Оппоқ фортепьянони сайратаётган аёлни суратга туширувчилар кўпайди. Билсак, опа Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими экан. Бирмунча шароити оғир туманни бошқаришда қийналмаяпсизми, деган саволимга ҳам опа мусиқага боғлаб жавоб берди.

- Биласизми, мен ҳеч қачон осон йўлни танламаганман, - деди Наргиза Неъматова. - Етти ёшимда фортепьянога қатнаган бўлсам, аъло ўқиш баробарида мусиқани ҳам ташлаб қўймадим. 50 нафар қизнинг орасидан 5 нафари фортепьяно синфини тугатди. Мусиқани тушунганлар жуда яхши билади, ушбу мусиқа синфида ўқиш жуда машаққат. Аммо мақсад қўйсам, уни охиригача бажаришни ўша пайти ўзлаштирганман, десам хато қилмайман. Кейин ТошМИга ўқишга кирдим. Рус тилида умуман гаплашмасдим, аммо таҳсилни рус тилида ўтдик. Институтда ҳам кўп ўтмай аълочилар сафига қўшилдим. Айтмоқчиманки, бу ҳаётда машаққат чекмасдан ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Бу машаққатни енгиб ўтиш учун ақл ишлатиб, меҳнатдан қочмаслик керак, холос. Менинг ишдаги сирим шу. Бундан бошқа йўлни билмайман.

Кейинги асосий кун - мамлакатимиз раҳбари иштирок этиб, нутқ сўзлаган анжуман воқеалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Биз ҳам барча иштирокчилар қатори Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг минбардан тушиб, дастурхон атрофида, вилоятлар, чекка қишлоқлардан келган аёллар билан суҳбатлашганидан таъсирландик. «Мақсадим энг чекка қишлоқдаги хотин-қизларнинг ҳам оғирини енгил қилиш, кўзида ёш кўрмаслик», деди давлатимиз раҳбари.

...Поездда Самарқандга қайтарканмиз, аллақачон ахборот сайтларида самарқандлик сенатор Гавҳар Алимова, фермер опамиз Зайнаб Ҳайдарованинг суратлари тарқалиб кетганини кўрдик. Тараққиётнинг шиддати ахборот тарқалиши тезлиги каби ошиб бораётгани яна бир бор эътироф этилди. Вилоят ҳокимининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси Сайёра Жумаева барча иштирокчиларни кузатаркан, яна бир карра байрам билан қутлади.

Дарвоқе, байрам муборак бўлсин, муҳтарама оналар, опа-сингиллар!

Гулруҳ Мўминова.

Самарқанд-Тошкент-Самарқанд.