Оромгоҳда болаларга яратилган шароитлар билан танишиш учун келган депутат, вилоят Кенгашининг шу масалага масъул комиссияси раиси ушбу муассасага киритилмади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Мирзо Ихтиёров ўзининг депутатлик телеграм каналида пост қолдирди.
Самарқанд вилояти ҳокимлигининг шу йил 6 июль куни ўтказилган санитар соатида вилоятдаги болалар ёзги оромгоҳларидаги ҳолат таҳлил қилинган эди.
Унда тегишли ишчи гуруҳ томонидан шу йилнинг 1-3 июль кунлари оромгоҳларда ўтказилган ўрганиш ишлари якунлари мутасаддилар иштирокида муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Афсуски, ўрганиш жараёнида аксарият оромгоҳларда ободонлаштириш ишлари талаб даражасида олиб борилмагани, таом тайёрлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақлашда санитария талабларига риоя этилмаётгани кузатилгани таҳлил қилинди ва муҳокама якунида бир ҳафта муддатда оромгоҳлардаги ҳолат яна қайта ўрганилиши белгиланди.
Шунга кўра, вилоят Кенгашининг ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Мирзо Ихтиёров ишчи гуруҳ ходимлари билан Ургут туманидаги "Баҳора" болалар ёзги дам олиш оромгоҳига борган. Аммо Миллий гвардия қўриқлаш бўлими ходимлари улардан “коинотга оид” ҳужжатларни талаб қилиб, оромгоҳга киритмаган.
Ваҳоланки, биринчидан, ишчи гуруҳи вилоят ҳокими топшириғи асосида дам олиш муассасасига борган. Иккинчидан, М.Ихтиёров вилоят Кенгаши депутати. Суратларда акс этган ҳолатларга эътибор қаратсангиз, депутат Миллий гвардия ходимларига зарур ҳужжатларини тақдим этган.
“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида “Депутат ўз ваколатларини амалга ошираётганда гувоҳномасини кўрсатиб, тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқидан, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.
Фаолияти давлат сири ҳамда қонун билан қўриқланадиган бошқа сир билан боғлиқ корхоналар, муассасалар, ташкилотларга депутатнинг кириш тартиби қонунда белгиланади”, дейилган.
Миллий гвардия ходимлари ишчи гуруҳ аъзоларини нега ичкарига киритмагани кейинчалик аён бўлар, аммо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасида “Давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари депутатлар олдидаги ўз вазифаларини бажармаслиги, уларнинг ишига тўсқинлик қилиши, уларга атайлаб сохта маълумот бериши, депутатлик фаолиятининг кафолатларини бузиши мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, деб белгиланганини эслатиб ўтмоқчимиз.