Ортиқча олинган 125,1 миллион сўм маблағ истеъмолчига қайтарилди
Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг соҳага оид қарорларига асосан “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган пахта шротининг 2018 йил январь-октябрь ойларида биржа савдоларига қўйилиши юзасидан таҳлил ўтказилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 мартдаги қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан монопол маҳсулотларни биржа савдоларига, бошланғич нархда қўйиш қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган нарх даражасида амалга оширилиши кўрсатилган. Адлия вазирлигида 2008 йил 18 ноябрда рўйхатдан ўтган “Ўзбекистон Республикаси товар хомашё биржаси биржа савдоларида пахта шроти (кунжараси) ва пахта чигити шелухасини сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан биржа савдоларига чиқариладиган маҳсулотнинг бошланғич нархи сотувчи томонидан декларацияланадиган нарх даражасида белгиланиши келтирилган.
Молия вазирлигининг 2017 йил 1 июлдаги нарх келишувига асосан пахта шротининг 1 тоннаси учун 976,8 минг сўм нарх белгиланган. Бироқ, “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти томонидан қадоқланган пахта шроти 2018 йил январь-май ойларида биржа савдоларига бошланғич нарх асоссиз равишда 50,9 минг сўм ортиқча белгиланиб, 1 тонна маҳсулот 1027,7 минг сўмдан сотилганлиги аниқланди. Жамият 2018 йилнинг январь-май ойларида жами 2458 тонна қадоқланган пахта шротини сотган ва ҳар тоннасини белгиланган нархдан 50 минг 900 сўм қиммат нархда сотиши оқибатида жами 125,1 миллион сўм ортиқча даромад олган ҳамда қонунбузилиш ҳолати содир этган.
Ҳудудий бошқарма махсус комиссиясининг ажрими билан “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамиятига нисбатан Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Низом талаби бузилганлик ҳолати бўйича иш қўзғатилди. Махсус комиссиянинг жорий йил 2 августдаги кўрсатмасига асосан жамият ортиқча олган 125,1 миллион сўм маблағ истеъмолчилар билан тўлиқ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шовқиддин САЙИМОВ,
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи.