Ота-бола ўғриларга жазо тайинланди
Норбой (исмлар ўзгартирилган) ҳали ёш, энди қирқ ёшни қораляпти. Икки нафар фарзанднинг отаси, ақл-ҳушли кимса эди. Аммо ундаги маънан қашшоқлик, нафси йўлида ўзгалар ҳақидан қўрқмаслик каби қусурлари намоён бўлди.
Бир куни спиртли ичимлик ичиб, маст бўлган ота ҳали вояга етмаган ўғлини жиноятга бошлади. Туман марказидаги савдо дўконига ўғирлик қилиш учун киришга тезлади. Нуржон 15 ёшда, оқу қорани, эгри ва тўғрини анча-мунча билиб қолган. Бироқ у маст ота билан баҳслашгиси келмадими ёки ўзининг ҳам ўғирликка майли бўлганми отасини бу йўлдан қайтармади.
Ота ва ўғил жиноий шерик бўлиб, ярим тунда хўжалик моллари, телефон аппаратлари ва аксессуарлари сотиладиган дўконнинг орқа эшиги қулфини темир бўлаги билан бузиб, ичкарига кирди. Дўкондан 14 та ҳар хил турдаги мобиль телефонлар ва 1 дона видео-кузатув камералари хотирасини, жами 9.500.000 сўмлик мол-мулкларни ўғирлаб чиқишди.
Эртаси куни ишга келган дўкон эгаси Тоҳир бир нечта телефонлари ва тортмадаги 30 000 сўм пул йўқлигини билди. Дўкон ичига ўрнатилган видео-кузатув ёзувларини сақлаш аппарати (видеокамера хотираси) симларидан кесиб олиб кетилган эди. У дарҳол туман ИИБга хабар берди. Кўп ўтмай ИИБ ходимлари етиб келишди. Тоҳир уларга ҳолатни айтиб, яна битта видеоёзувларни сақлаш хотираси борлигини айтди. Дарҳол видео-кузатув мосламасининг хотираси кўздан кечирилганда ҳаммаси маълум бўлди.
Норбой билан Нуржонни топиш ва қилмишларини исботлаш қийин бўлмади.
Судланувчилар ўғирлаган мулкларни эгасига қайтарди.
Суд Нуржонга 6 ой, отаси Норбойга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Абдуҳаким ОЛТИБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.