Ўтган кунлар сабоғи

“Орзуларим бошлади йўлга, ҳали етар манзилим йироқ, манзилга то етиб боргунча, қўшиқ менга абадий ҳамроҳ”, деган жумлалар билан бошланувчи қўшиқ бор. Болалигимдан шу қўшиқ ва унинг сўзлари ёд бўлиб кетган. Шу руҳда улғайдик.

Киши кўзлаган манзилига етгунича унга қўшиқ ҳамроҳ бўлиши қай маънода тўғридир-у, аммо... Аммо манзилимизга соғу-саломат, бекаму кўст етишимиз учун ишончли йўлбошчи, замонавий ибора билан айтганда, лидер керак.

Мен собиқ тузум даврида яшаб ўқиб, ўрта мактабни битирган ва ҳарбий хизматни ўтаган, ҳам мустақиллигимизнинг бугунги кунигача олий таълим олиб, давлатнинг турли муассасаларида ишлаб, онгли равишда атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кузатиш билан бирга бевосита иштирокчиси бўлиб келаётган шахс сифатида холис фикрларимни билдирмоқчиман. Фикрларимни ҳаётий тажрибаларим, кўрган-билганларим асосида ёзяпман.

Отам раҳматлидан бобомиз ўзига яраша мулкдор ва қўлларида бир нечта ўнлаб ишчилари бўлганлигини кўп эшитганман. Улар асосан деҳқончилик билан шуғулланганлар. Тузум ўзгариб, шўроларнинг “ҳамма бир хил яшаши керак” мазмунидаги сиёсати билан бобом ва у кишига ўхшаган катта-кичик мулкдорларнинг мулклари тортиб олиниб, кўпчиликнинг мулкига айлантирилган, яъни “коллективлаштириш” бошланиб, колхозлар ташкил этилган. Ҳақиқий эгаси ва жавоб берувчи масъул аниқ бўлмагандан кейин бу мол-мулклар муаллақ туриб қолаверган. Қанча ишласанг ҳам, ҳақ тўланиши бир хилда қатъий белгилаб қўйилганлиги боис “кун ўтарга” ишланган. Кундалик ҳаётимизга ёлғон деб аталган кушанда кириб келди ҳаётимизнинг барча соҳаларида мустаҳкам ўрнашиб олди. Ривожланиш ҳам ўзига яраша бўлган. Ёлғончилик, қўшиб ёзиш, алдаш, хуллас, “ура-ура”чилик авжига чиқиб, ўша даврдан бери ундан қутулишимиз қийин бўлмоқда.

Кейин уруш бошланди. Ҳамма “Ватан учун олға” деб урушга отланди. Бор-будимиздан айрилдик. Аёллар бева, болалар етим, ўзи яримта бўлган нонимиз ҳам йўқ бўлди. Отам ва акалари, бобом уруш қатнашчиси бўлганликлари боис ҳам бизнинг оиламизда унинг асоратлари кўпроқ сезиларди ва буни биз ҳар биримиз ўз ҳаётимизда ҳис қилиб улғайганмиз.

Урушдан кейинги йиллар. Тиним билмай ишлайсан-у, косанг оқармайди, биринг икки бўлмайди. Бор-будимизни бердик, эвазига тавқи лаънатни орттирдик. Муқаддас динимиз, отамерос қадриятларимиз оёқости қилинди. Эшигимизнинг олдигача пахта (мен туғилиб ўсган Ургутда тамаки) экиб, қорайдик, мистар бўлдик. Пахтамизнинг ҳузурини бошқалар кўрди, ғўзапояси бизга қолди. “Бир килограмм тамакимиздан қирқ қути сигарет чиқар экан” дедиг-у, ярим қутининг пулини тўласа, қуллуқ қилиб индамай юравердик. Қани, индашга тил қани, кўнгил эса зардобга тўлиб бораверди, дерди отам. “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деб бошимизга не кунларни солмади.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида мен мактаб ўқувчиси бўлиб, синфдошларим қаторида Жомбой туманига пахта терими ҳашарига келганман. Бугун менда солиштириш, таққослаш имконияти бор. Ўзим шу ерда ишлаяпман. Биз пахта терган ҳудудларда бармоқ билан саноқли одамларнинг уйлари шифер қилинган, аксарият кўпчилик уйларнинг томи лойсувоқ эди. Одамлар касалманд, қора-қура болалар заиф эди. Мактаблардаги ўқишлар ўлда-жўлда, тиббиётдаги шароитлар ўта қолоқ, саводхонлигимиз ачинарли эди. Тўғри, шу вақтларда ҳам ўқимишли одамлар чиқди, аммо аҳоли сонига нисбатан олсак, рақамлар “йиғлатадиган” даражада. Қонида ота-бобосидан ўтган иқтидори бор кўплаб йигит-қизларимиз турли соҳаларда порлаб чиқишган, аммо уларни “синдириб” ташлайверишган. Энг сараларимизни дастлаб ўттизинчи йиллардаги қатағонлар, кейин даҳшатли, мантиқсиз уруш, ундан кейин эллигинчи йилларнинг бошларида бошланган қатағон ва ундан кейин эса юқорида қайд этганимиз, пахта иши билан боғлиқ қатағонлар ўз домига тортди. Халқ безиб, одамлар қўрқоқ бўлиб қолди. Афсус, ўша машъум ишларни, қабиҳликларни амалга оширишда ўзимиздан фойдаланишди, яъни болтанинг сопини ўзимиздан чиқаришди.

Шўролар қўшиғини куйлаб улғайдик, ўзимиз кўрмаган бегона ўлкалар фарзандларини улуғладик. Дину диёнат унутилди, Жалолиддин Мангубердини танимадик, Амир Темурни ёвуз деб ўқидик, Мирзо Улуғбекдан, Алишер Навоийдан тўласинча баҳраманд бўлолмадик. Мирзо Бобурни Ҳиндистонни босиб олган, жафокаш ҳинд халқининг бошига кўплаб кулфатлар солган босқинчи сифатида танидик. Китоблари Европанинг етакчи олий таълим даргоҳларида беш юз йиллар давомида асосий адабиёт, қўлланма сифатида фойдаланиб келинган Ибн Сино, шунингдек, Беруний ва Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Имоми Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Абу Муин Насафий, Нодирабегим, Увайсий, Зебунисо каби юзлаб, минглаб боболаримиз, момоларимиз бўла туриб, “саводсиз” номини олдик. Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Элбек, Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Усмон Носир, Исҳоқхон Ибрат каби миллат етакчилари, халқимизнинг қалби уйғоқ фарзандлари шаҳид бўлди.

Хуллас, бундай кўргуликлар ҳақида жуда кўп айтилган, ёзилган ҳали яна кўплаб ёзилиши муқаррар. Энг ёмони, бизга тарихимизни, ўз ўтмишимизни бошқача талқин қилишган ва шунга ўргатишган. Ҳақиқат эса мутлақо бошқача. Энди-энди ҳақиқат, бор тарихимиз юзага чиқиб келяпти. Ҳали қилишимиз, ўрганишимиз керак бўлган ишлар талайгина. Асл тарихимиз ўз тадқиқодчиларини кутиб турибди.

Яқин тарихимизнинг аёзли кунларини кекса авлод вакиллари яхши эслайди. Айниқса, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида бу тизим иқтисодиётининг ҳақиқий аҳволи партиянинг турли маънисиз съездларида айтилган гапларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги, халқнинг ўта қашшоқ яшаганлиги. Марказнинг тазйиқи, ички низолар, одамлар турмуш даражасининг ўта ачинарли ҳолатда эканлиги, моддий техника базасининг аҳволи, ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий соҳадаги ўта қолоқлик халқнинг сабр косасини тўлдирган бир пайтда миллат етакчисидан ўта ҳушёрлик ва жасорат, билим ва тажриба, қатъият талаб этиларди. Фарғона водийсидаги воқеалар, ташқи ва ички кучлар, манфаатлар тўқнашуви, Ўзбекистонни ислом мамлакатига айлантириш, халифалик тузиш каби иддаолар гирдобидан чиқиб кетиш, халқини соғ-саломат ёруғ йўлларга бошлаш учун ҳақиқий маънода мард ва жасур ҳамда билимли етакчи бўлиш керак эди. Янги асрнинг дастлабки йиллар бошларидан бошлаб мамлакат иқтисодиётида ўсиш, ижтимоий соҳаларда ҳам кўзга кўринарли ўзгаришлар бошланган бўлса-да, ҳали-ҳамон кўп соҳаларда турғунлик даврининг асоратлари кўриниб турарди.

Мен ўша йилларда молия муассасаларида ишлаганлигим боис тизимдаги кўплаб нуқсонларни, энг муҳими, тўғрилаш мумкин бўлган ва биргина ҳаракат билан изга солиш имконияти бўлса-да, ўша пайтларда нимагадир бир жойда “депсиниб” турган айрим жиҳатларга тўхталмоқчиман, холос. Бу ҳам бўлса, пул маблағлари ва тадбиркорлик субъектларининг фаолиятлари билан боғлиқ. Савдо ва пулли хизмат муассасаларининг тушумлари уларнинг тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларига туширилмасди. Аниқроғи, улар буни ўзлари хоҳлашмасди. Бундан улар фойда кўришмасди, аксинча, бу уларнинг зарарига ишларди. Сабаби, нақд пулсиз ҳисоб-китобдан кўра нақд пулга савдо қилиш, товар ёки хизматларини сотиш ўртасида катта салбий тафовут мавжуд эди. Бу “қора бозор”, дегани. Бунинг оқибатида бюджет ташкилотларида ишловчи ишчи ходимларнинг иш ҳақлари, пенсия ва нафақа тўловларининг тўланишида жиддий камчиликлар юзага келар, бунинг оқибатида ойлаб узилишлар пайдо бўларди. Бу ижтимоий тўловларни “Биринчи даражали тўловлар” деб юритиб, тизим ходимлари ва маҳаллий ҳокимликлар, ҳатто ҳукуматда ҳам асосан шу иш билан банд бўлишарди.

Одатда бирон-бир товар пулга сотиб олинади, лекин ўша вақтларда биз пулга пул “сотиб” олганмиз. Яъни, йирикроқ савдо ташкилотларидан нақд пулни уларнинг ўз ҳисоб рақамларига кирим қилишларини “илтимос” қиламиз ва уларга бунинг учун келишувга кўра маълум даражада ҳақ, яъни фоиз (ўртача беш фоиз) тўлаймиз. Юзага келган харажатни эса ўз ходимларининг ҳалол иш ҳақларини сўраб келган бюджет ташкилотларидан ва почталар орқали пенсионерларнинг ҳақларидан қоплаб қоламиз. Энг ёмони, ой, чорак ва йил якунлари билан кўплаб мутахассис ва масъулларга чора кўрилади ва оқибатда яхши-яхши кадрлар синиб кетишди.

Тўловларни нақд пулсиз кўринишда тўлаш, яъни банк пластик карталарига кўчириб бериш чоралари ҳам кўрилди. Аммо нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг техник жиҳозланиши, тўлов терминаллари ва банкоматларнинг етишмовчилиги, шунингдек, юқорида қайд этилганидек, нақд пулсиз ва нақд пулдаги ҳисоб-китоблар ўртасидаги салбий тафовут бу ҳаракатларнинг самарали ишлашига монелик қиларди. Бундан кимлардир манфаатли бўлгандир, буни биров у, биров бу дерди, лекин ҳамма жим, ҳамма кутарди.

Яна бир муҳим масала - тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағларини хорижий валютага айрибошлаш, яъни конвертация қилиб бериш ҳам ўта қийин, муаммоли, таъбир жоиз бўлса, жумбоқли масала эди. Валютанинг иккита, яъни давлат белгилаган ва банклар амал қиладиган давлат курси ҳамда расмий равишда ҳеч ким белгиламан, аммо ҳамма бирдай риоя этадиган бозор, аниқроғи, қорабозор курси мавжуд эди. Ўртадаги фарқ эса “отнинг калласидай”. Тадбиркорлик шунинг учун ҳам ривожланиб кетмасди. Шунингдек, тадбиркор ер олишда ҳам, коммунал соҳага уланишда ҳам, банк кредитларидан фойдаланишида ҳам жиддий тўсиқ ва бюрократик сансоларликларга дуч келарди. Умуман олганда, тизимда собиқ тузумнинг сарқитлари сақланиб қолган, улардан қутулиш жуда қийин кечарди.

2016 йилнинг охирлари ва асосан 2017 йилдан бошлаб барча соҳаларда кескин бурилиш бўлиб, ижобий ўзгаришлар бўла бошлади. “Юртимизни сўнгги йилларда улкан ислоҳотлар қамраб олди” десак, асло муболаға бўлмайди. Буни халқаро кузатувчилар, нуфузли хорижий давлатлар, ташкилотлар эътироф этаётгани бир томон бўлса, оддий одамлар ҳам ўз ҳаётида сезиб, ҳис қилиб тургани ҳақиқат.

Жадал ўзгаришлар барча соҳаларни, жумладан давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, ташқи сиёсатни қамраб олди.

Аввало, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларининг ўрнатилгани, чегаралар очилгани ва назорат пунктлари ташкил этилгани, Марказий Осиё давлатлари билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилгани, бунда Ўзбекистон ташаббускор сифатида асосий роль ўйнаётгани қувонарлидир. Бир вақтлар ёнма-ён яшаган, ўзаро қуда-андачилик, қариндошлик алоқалари билан боғланган халқлар сунъий тўсиқлар билан бир-биридан айириб қўйилганди. Ана шундай бир даврда қондош-биродар одамлар бир-биридан хабар олиш, тўй-маъракаларда бир-бирига ҳамдам бўлиш учун ҳам юзлаб чақирим йўл босиши, ўнлаб бюрократик синовлардан ўтишга маҳкум бўлгани ачинарлидир. Мамлакатимиз ташқи сиёсатида янги ислоҳотлар бошлангач, биринчи навбатда Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон давлат чегараларида соддалаштирилган тартиб жорий қилинди. Қардош мамлакатлар билан самимий борди-келди қилиш имконига эга бўлдик.

– Ўтган асрнинг 90-йилларида катта қизимни ўратепалик дўстимга келин қилиб бергандим, – дейди меҳнат фахрийси Садир Жумагелдиев. – Чегаралар ёпилгач, бир-биримиздан хабар олиш имконсиз бўлиб қолди. Ўз қизимни 19 йил давомида кўрмадим, фақат телефон орқали гаплашиб турдик. Шукурки, яна борди-келдимиз тикланди. Аслида икки қишлоқ ораси 20 чақирим, холос. Эндиликда, ҳар ойда бориб-келиш имконимиз бор.

Сирасини айтганда, бу каби тақдирлар қардош халқларимиз орасида кўплаб топилади.

Жамиятимизда иқтисодий ислоҳотлар ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Бунда биринчи навбатда, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилишига асосий эътибор қаратилди. Юқорида айтиб ўтганимиз, яқин тарихда ҳалол меҳнат билан топган маошимизни пластик картадан нақдлаштириш учун олғир кимсаларга мурожаат қилишга мажбур бўлар, улар “холис хизмат” эвазига 20, ҳатто 25 фоизгача ҳақ олишарди. Ўн минглаб пенсионерлар, талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар шу адолатсиз тизим оқибатида маошининг чорак қисмидан маҳрум бўларди. Хориж билан ҳамкорлик қиладиган тадбиркорларни қўятурайлик, ҳатто даволаниш учун хорижий давлатга бораётган бемор ҳам валюта айирбошлашда минг хил маънисиз тўсиқларга дуч келгани бор гап. Худди шу нуқсон ва таъбир жоиз бўлса, айтиш ўринлики, сунъий ташкил этилган “муаммолар” бир деганда ечимини топди. Одамлар эса, “бўлар экан-ку!” дейишди. Шу маънода, иқтисодий ислоҳотлар ҳеч шубҳасиз, халқимиз узоқ кутган ўзгаришлардан биридир.

Таълим ва хоссатан олий таълим тизимининг ривожлантирилиши янги даврнинг яна бир муҳим хусусиятларидан, десак муболаға бўлмайди. Нуфузли йўналишларга ўқишга кириш фарзандларимиз учун яқин ўтмишимизда ҳам шунчаки, орзу бўлгани аччиқ ҳақиқат. Бугун эса ҳақиқатда билими бор ёшларни ҳеч нарса тўхтатолмайди. Бир вақтнинг ўзида камида 5 тагача олий таълим йўналишларини танлаш имкони, муддатидан олдин ўқишга кириш имтиёзи янги авлодга қўшимча куч, рағбат беряпти.

Ислоҳотлар ҳақида сўз юритар эканмиз, тадбиркорларга яратилаётган имкониятларни ҳам ёдга олмаслик мумкин эмас. Том маънода юртимизда тадбиркорлик муҳити учун янги замон бошланди. Ўзбекистонда ишбилармон қатлам юксалишнинг локомотиви, дея эълон қилинди. Кичик ва ўрта бизнес вакилларига қўшимча имтиёз, проференциялар берилаётгани, субсидияли қўллаб-қувватлаш тизимларининг яратилгани ушбу соҳа фидойилари фаолиятида кескин ўсишга замин яратди. Асосийси, ҳеч ким тадбиркорнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилолмайди. Ҳар қандай ноқонуний аралашув учун жавобгарлик белгиланди. Натижада ўнлаб замонавий корхоналар ишга тушяпти, юзлаб-минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, юртимиз ривожи учун хизмат қилаётган инсонлар ҳақиқатда қадр топа бошлади. Бу ўз самарасини бериши шубҳасиз.

Зеро, она Ўзбекистонимиз, унинг бугуни ҳам, эртаси ҳам, ютуғу камчиликлари ҳам барчамизники, ўзимизники. Ислоҳотларни бугун қилмасак, эртага кеч бўлади, ўзимиз қилмасак, биров келиб қилиб бермайди. Бунинг учун катта мақсад ва марралар сари Юртбошимиз ортидан бирлашишимиз, жипслашишимиз зарур. Шундагина мақоламиз бошида айтганимиз, етар манзилларимиз яқинлашади ва юзимиз Яратганнинг ҳам элу-юрт олдида ҳам ёруғ бўлади.

Қаюм Собиров,

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.