Ўттиз йиллик меҳнат эътирофи

Диёра Келдиёрованинг биринчи мураббийи давлат мукофоти билан тақдирланди.

Ўттиз йилдан буён спортнинг дзюдо тури билан шуғулланаман. Мураббийлик фаолиятимни Паст Дарғом туманидаги 1-спорт мактабида бошлаганман. Ўтган давр мобайнида қўл остимда Ўзбекистон, Осиё, жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинлари ғолибларини тайёрладим.

Устоз учун энг катта ютуқ шогирдининг муваффақиятидир. Айниқса, биринчи шогирдим Диёра Келдиёрова Олимпия ўйинлари чемпиони бўлган илк ўзбекистонлик аёл спортчига айлангани нафақат мен, балки бутун мамлакатимиз учун тарихий воқеа бўлди. Бу ғалабадан кейин дзюдо билан шуғулланувчи ёшлар сони ҳам кўпайди.

Президентимиз 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бир гуруҳ фаол хотин-қизларни давлат мукофоти билан тақдирлади. Улар орасида борлигимни эшитиб, чексиз қувондим. Кўп йиллик меҳнатим ва спортни оммалаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларим юкас эътироф этилди. Бу мен учун катта шараф. Шу билан бирга зиммамга масъулият юклайди. Албатта, ишончга муносиб бўлиб, Диёрага ўхшаган ўнлаб, юзлаб чемпион қизларни тарбиялаш, уларнинг халқаро майдонларда юртимиз байроғини баланд кўтариши учун бор куч-ғайратимни сафарбар этаман.

Хуршида ХАЛИКОВА,

вилоят якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби дзюдо мураббийси, «Соғлом турмуш» медали соҳибаси.