Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди

Куни кеча Женевада бўлиб ўтган брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича «COVAX» халқаро механизмига 172 давлат қўшилди. Айни пайтда ЖССТ портфелида коронавирусга қарши 9 та вакцина мавжуд экани айтилмоқда.

Яна бир янгилик, ЖССТ ва унинг Европа минтақавий бюросининг фаол аъзоси сифатида Ўзбекистон ҳам ташкилотнинг коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ташкилот барча вакцина ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилади. Ушбу механизм барча аъзо мамлакатларнинг лицензияланган ва тасдиқланган вакциналардан тенг фойдаланишни таъминлашга қаратилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон ЖССТ Европа минтақавий бюросига аъзо бўлган 53 давлатдан бири бўлиб, ташкилот билан кўп томонлама ҳамкорлик қилиб келади. Ташкилотнинг 69-сессиясида унинг директорлигига сайланган доктор Ханс Клюге ўзининг илк расмий хорижий ташрифини 2020 йил 10 февраль куни айнан Ўзбекистондан бошлаганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шунингдек, 2019 йилнинг 20 май куни бўлиб ўтган ЖССТнинг олий органи Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодманов Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг ЖССТ Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланган.

Ушбу кенг кўламли ҳамкорлик айни вақтда коронавирусга қарши кураш масаласини ҳам қамраб олган. Ҳозирда ЖССТ Европа минтақавий бюросининг вакиллари Олег Стороженко ва Таня Шмид юртимизда бўлиб, коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда.