Ўзбекистон Марказий банки Исломий молиявий хизматлар Кенгашига аъзо бўлди

Кенгаш фаолияти исломий молия институтларини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқиш, самарали корпоратив бошқарув механизмлари ва риск-менежмент тизимини жорий қилиш, ҳамда ушбу масалаларда Кенгашга аъзо ташкилотларга кўмаклашишга қаратилган.

Мазкур ташкилотга аъзолик бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва мамлакатимизда исломий молия институтлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш соҳасида илғор халқаро тажрибани жорий этиш имконини беради.

Маълумот учун: Кенгаш 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, бош офиси Куала-Лумпурда (Малайзия) жойлашган. Бугунги кунда Кенгашнинг 188 аъзоси, шу жумладан, 81 та тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар, 10 та халқаро ҳукуматлараро ташкилот ва 97 та бозор иштирокчилари ҳисобланади. Шунингдек, Кенгашга Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон молиявий регуляторлари ҳам аъзо ҳисобланади.