Ўзбекистонда Амир Темур университети борми?

Тарихдан маълумки, қайси ҳукмдор тожу тахтни мерос йўли билан эмас, ўз саъй-ҳаракати, жасурлиги, шижоати билан эгаллаган бўлса, унинг фаолиятига алоҳида қизиқиш билан қаралган. Амир Темур айнан шундай ҳукмдорлар сирасига киради. Оддий бекнинг ўғли бўлган Темур ўз шижоати билан Мовароуннаҳр тахтини қўлга киритиб, 36 йил ҳукмдорлик қилди.

Амир Темурнинг ўтганига қарийб етти аср тўлаётган бўлса-да, бу улуғ зотнинг фаолиятига бўлган қизиқиш ортса ортдики, асло камайган эмас. Ҳар бир даврнинг ҳукмдорлари, элчилари, сиёсатдонлари, олимлари ва оддий одамлари сарғайган саҳифаларни синчиклаб ўқиб, улуғ бобомиз ҳақида янги маълумотлар ахтаради.

Амир Темур фаолиятига ҳаққоний баҳо бериш учун XIII-XV асрлар тарихий манзарасига назар ташлаш лозим. Мўғул ҳукмдори Темучин-Чингизхон қўшинлари обод Мовароуннаҳрга бостириб кирди, гуллаб-яшнаган шаҳар ва қишлоқларнинг кулини кўкка совурди. Бу юртнинг не-не ботирлари ёв билан жангларда қурбон бўлди. Мовароуннаҳрдаги давлатчилик, қонун-қоидалар йўқ қилинди. Масжид, мадрасалар ёндирилиб, муқаддас диний ва илмий китоблар мўғул отларининг туёқлари остига ташланди. Мўғул хонлари ўртасидаги тахт талашишлар, ўзаро низолар, сиёсий тарқоқлиқ, оғир солиқлар халқнинг тинка-мадорини қуритди.

Мовароуннаҳр энди ҳеч қачон тикланмайдигандек эди гўё...  Бу юртни, халқнинг қаддини тиклаш, уларни дунёнинг энг илғор халқига айлантириш учун фавқулодда илоҳий қудратга эга шахс керак эди. Бу шахс Амир Темур сиймосида намоён бўлди.

Соҳибқирон ҳукмронлик қилган 36 йил юртимиз тарихидаги энг ёрқин  саҳифа сифатида абадий муҳрланиб қолди... Амир Темур ўттиз олти йиллик имконида нафақат Мовароуннаҳр халқининг юрагидан қуллик асоратларини юлиб ташлади, балки унинг қадди-ғурурини кўтариб, дунёнинг энг қуд­ратли, маданиятли халқига айлантирди.

Ҳа, бу инсоният тарихида жуда кам кузатилган мўъжиза эди. Шу мўъжиза туфайли жаҳон халқлари Амир Темур шахсини хурмат қилади, дунёнинг кўплаб халқлари ҳамон ўз фарзандларига Темур исмини қўяди. Соҳибқирон ўтганидан буён Шарқ ва Ғарб ёзувчилари, олимлари томонидан том-том бадиий, илмий, саҳна ва мусиқали асарлар яратилди. Албатта, бу асарларда Амир Темур шахсига муносабат турлича. Уларнинг кўпчилигида Амир Темурнинг буюк бунёдкорлик фаолияти, зафарли юриш­лари, сиёсати кўкларга кўтарилган бўлса, айримларида туҳмат тош­лари ёғдирилган.

Амир Темур ва темурийларнинг Мовароуннаҳрда ҳукмдорлик қилиб, кўплаб бунёдкорликларни амалга оширганидан озми-кўпми хабардормиз. Аммо темурийларнинг бошқа мамлакатларда қолдирган бой ва ранг-баранг мероси ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз.

XIX асрнинг 60-йилларида Россия империяси Туркистондаги уч мустақил хонликни истило қилишни бошлайди. 1868 йилнинг май ойида Россия империясининг генерали фон Кауфман томонидан Самарқанд шаҳри истило қилинади. Генерал фон Кауфман ўз ҳукмдори Александр II га “Сизнинг ғолиб қўшинларингиз Амир Темурнинг пойтахти, ўзининг тарихий шон-шуҳрати билан машҳур Самарқанд шаҳрини истило қилди”, деб хушхабар йўллаган.

Оқ подшо истилоси даврида Амир Темур ҳақида баъзи рус зиёлилари, ҳарбийлари анчайин ҳаққоний, жуяли фикрларни ёзган. Айрим рус ҳарбийлари Соҳибқироннинг урушда қўллаган стратегиялари ҳақида китоб­лар битган.

Оқ подшо тахтини большевиклар эгаллагач, Амир Темур ҳақида фақат салбий фикрлар берилди, уни “қонхўр”, “босқинчи”, “золим” деб таърифлаш авж олди. «СССР халқлари тарихи» дарс­лигидан «Темур давлати» деган йирик боб чиқариб ташланди.

Маълумки, Амир Темур ва унинг пири, ўғиллари ва набиралари Соҳибқирон салтанатининг пойтахти Самарқанд шаҳрида абадий уйқуда ётибди. Айрим жаҳонгирлар, жумладан, Чингизхоннинг қабри қаерда экани ноъмалум. Чингизхон қабри атайлаб яширилган. Чунки у ўзи босиб олган жойларда аввал ўтган ҳукмдорларнинг қабрларини очтириб, жасадини ердан чиқариб ташлаттирган. Шу сабабли у келгуси авлодлар ундан ўч олишидан қўрқиб, қабрини яширишни васият қилган. Амир Темур эса қадами етган жойларда ҳукмдорларнинг, олиму-уламоларнинг, азиз кишиларнинг қабрлари устига мақбаралар қурдирган, атрофини обод қилдирган. Шу сабабли кейинги авлодлар Амир Темур мақбарасига нисбатан ҳурматсизлик қилмаган. Темурийлардан сўнг Мовароуннаҳр ва Хуросон тахтини эгаллаган Шайбонийлар ҳам Соҳибқирон даврида барпо қилинган бирор-бир иншоотга зиён-заҳмат етказмаган. Амир Темурнинг кейинги авлодлари узоқларда бўлишларига қарамай, буюк бобокалони хотирасини эъзозлаган. Тарихий маълумотларга кўра, бобурий ҳукмдор Шоҳ Жаҳоннинг учинчи ўғли, Ҳиндистон хукмдори Авранг­зеб буюк бобокалони Амир Темур руҳини шод қилиш учун Ҳиндистондан катта маб­лағ жўнатиб, Соҳибқирон мақбарасини таъмирлатган, мақбара қорилари ва хизматчиларига нафақа бердирган.

Эрон хукмдори Нодиршоҳ 1740 йилда Бухоро амирлигига юриш қилиб, бу юртни талайди. Сўнгра Самарқандга одамларини жўнатиб, Амир Темур қаб­рига набираси Мирзо Улуғбек томонидан қўйилган моҳтаб (нефрит) тошини ва Амир Темур жомеъ масжидига ўрнатилган етти хил металл қоришмасидан қуйилган ажойиб дарвозани Эроннинг Машҳад шаҳрида ўзи учун қурилаётган мақбарага қўйиш учун олиб кетади. Орадан озгина вақт ўтиб Нодиршоҳ Амир Темур ҳақига Қуръон тиловат қилиб, бу икки ноёб буюм­ни Самарқандга элтиб ўз жойига қайта ўрнатишни буюради. Ривоятларга қараганда, бу икки ноёб буюм – моҳтоб ва дарвоза Машҳадга етиб боргач, у ерда қаттиқ зилзила бўлади. Бошқа бир ривоятда айтилишича, Нодиршоҳнинг суюкли қизи оғир касал бўлиб қолади. Мунажжимлар Нодиршоҳга “Сиз Амир Темурнинг руҳини безовта қилгансиз, шу сабабли қизингиз касал бўлган”, деган. Нима бўлганда ҳам Нодиршоҳ ўзининг номаъқул ишидан пушаймон бўлиб, моҳтоб ва дарвозани Самарқандга қайтарган. Амир Темур келгуси авлодлари унинг қабрини кўз қорачиғидай асраб-авайлашларига қаттиқ ишонган. Афсуски, тарих ҳукми бошқача бўлди. 1941 йилда Амир Темур қабри очилиб, руҳи безовта қилинди.

Темурийлар хилхонаси очилганидан сўнг яна бир аянчли ҳақиқат аён бўлди. Барча қабрларнинг тагида лойқа бор, арчадан ясалган тобутлар ва улар ичидаги жасадлар мўмиёланган бўлишига қарамай чириган. Тарихдан маълумки, мақбарага сув шу атрофда қазилган ариқдан тошиб кирган. Аниқроғи, XIX асрнинг 80-йилларида Оқ подшо амалдорлари гўёки боғ қилиш учун бошқа ер қуриб қолгандай, мақбара атрофида боғ барпо қилдирган. Ўша даврларда мақбарани икки марта сув босган...

Ўтган йили Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов раҳбарлигида бир гуруҳ самарқандлик олимлар Туркиянинг Анқара шаҳрига, Ўзбекистон тарихи, маданияти ва илм-фанига бағишланган халқаро конференцияга бордик. Конференция Йилдирим Боязид университетида бўлиб ўтди. Конференцияда ўзбек ва турк олимлари Ўзбекистон тарихи, санъати ва маданияти, жумладан, Амир Темур ва темурийлар даври ҳақида илмий маърузалар қилди. Конференциядан сўнг мезбонлар бизни Анқара шаҳридан 40 километр нарида жойлашган Чубек туманига олиб борди. У ерда 1402 йилда Амир Темур ва Йилдирим Боязид қўшинлари ўртасида жанг бўлган. Ушбу майдон теп-текис бўлиб, атрофи бир оз баландроқ тепалик билан ўралган. Чубек туманининг марказида мўъжазгина музей барпо қилинган. Музейда Амир Темур билан Боязид ўртасидаги жангга бағишланган макет ҳам қўйилган.

Бизни Чубек тумани ҳокими қабул қилди. Ҳоким жаноблари “Бу кўҳна тарихда нималар бўлмаган дейсиз. Бир вақтлар икки турк хукмдори бир бири билан жанг қилган. Бугун Чубекда шу икки хукмдорнинг авлодлари учрашиб турибди. Улар ўзаро дўстликни янада мустаҳкамлаш учун йиғилган. Келинглар, мана шу тарихий майдонда дўстлик боғини барпо қилайлик”, деди. Шундан кейин Чубек майдонида ўзбек ва турк олимлари дарахт экдилар. Туркия ва Янги Ўзбекистон дўстлик боғига асос солинди. Бу боғ халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада барқарор бўлишига хизмат қилади.

Турк дўстларимиз “Кўрдиларинг, Анқарада Йилдирим Боязид университети бор, Ўзбекистонда Амир Темур университети борми?” деб сўради. Биз бир оз тараддудланиб, Оллоҳ насиб этса бўлади, дедик. Дарҳақиқат, кишини ўйлантирадиган савол эди. Мағлуб ҳукмдор университети бор, ғолиб ҳукмдор университети йўқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 21 апрелда Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида улуғ аждодларимиз меросини ўрганиш ҳақида гапириб, бундай деди: “Биз нима учун Амир Темур бобомизнинг мудофаа меросини илмий асослар билан ўрганмаймиз?

Соҳибқироннинг Тўхтамишхон билан жангини ўқиб чиқдим. Буюк саркардамиз қандай ғалаба қозонгани менга жуда қизиқ эди. Тўхтамиш ҳам осонликча ютқазмаган экан, бунда Амир Темур бобомизнинг юксак ҳарбий тактика ва стратегияси, довюраклиги иш берган. Ўзимга ҳам ёзиб олдим, Амир Темур бобомиз жангда 7 та усулни қўллаган экан.

Тўхтамишхон ҳам оддий рақиб бўлмаган, жуда катта ва моҳир қўшини бўлган. Бу жанг тактикасини ўргандим ва мутасаддилардан сўрадим: Кимдир биздан мана шу жанглардаги стратегияни ўрганганми? Йўқ, ўрганмаган.

Ҳаммасига топшириқ бердим – биз биринчи навбатда, ўзимизнинг боболаримиз тарихини ўрганишимиз керак”.

Демак, мамлакатимизда Амир Темур университети, Амир Темур номидаги университет эмас, айнан Амир Темур университети ташкил қилинса, айни муддао бўларди. Бу илм даргоҳида Амир Темур ва темурийларнинг кенг қамровли фаолияти, илм-фан, адабиёт ва санъат, маданият ва маънавиятни, фалсафа ва ҳарбий санъатни ривож­лантириш борасидаги буюк хизматлари ҳар томонлама ўрганилса, нур устига нур бўларди.

Буюк давлат арбобларининг тақдири уларнинг ватани тақдири билан чамбарчас боғлиқ. Агар уларнинг ватани озод бўлса, бу ўтган давлат арбобларининг сиймосида ҳам ижобий ҳолат юз беради. Буюкларнинг ватани мустамлакага айланиб қолган бўлса, босқинчилар уларнинг номини халқнинг ёдидан ўчириш чораларини кўради.

Амир Темур Ватани мустамлакага айланган даврларда ул зот ҳақида бирор-бир ижобий гап айтишнинг иложи йўқ эди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг Амир Темур қадр-қиммати тикланди, буюк хизматлари эътироф қилинди.

Амир Темурнинг пок номини, қадрини тиклаш осон кечгани йўқ. Компартия тарбиялаган айрим ўзбек зиёлилари ҳам Амир Темурнинг номи тикланишини хоҳламас эди. Бир мисол, ўтган асрнинг 90-йилларида мен Самарқанд вилояти топонимик комиссияси аъзоси эдим. Биз комиссия аъзоларига Амир Темурнинг буюк хизматларини қайта-қайта тушунтириб, Самарқанднинг Фрунзе кўчасини Амир Темур кўчаси деб ўзгартиришга муваффақ бўлдик.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, вилоят топономик комиссиясига “Биз қонхўр Амир Темур номидаги кўчада яшамаймиз, аввалги Фрунзе номини қайтаринг”, деган мазмунда хатлар ёғилди. Бу хатларни айрим кимсалар атайлаб уюштираётгани аниқ эди.

Вилоят топонимик комиссияси раиси бизни хонасига чақириб, “Нега одамларнинг тинчини бузяпсизлар, нега Фрунзе кўчасини Амир Темур кўчаси, деб ўзгартиришга журъат қилдиларинг”, деб ўшқирди. Шундай кунларда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.  Бизга ўшқирган раҳбар Амир Темурга бағишланган тадбирларда елиб-югуриб хизмат қилди.

Тарихдан маълумки, Амир Темур Самарқандни ўз салтанатининг пойтахти этиб танлагач, 1371-1373 йилларда шаҳар атрофини мустаҳкам мудофаа девори билан ўраган. Шаҳарнинг ғарб томонидаги баланд жойда Арки аълога асос солган. Ўттиз тўрт гектарлик майдоннинг ичида Кўксарой ва Бўстонсарой каби икки ҳашаматли сарой, зодагонлар учун турар жойлар, ҳунармандлар устахоналари, йирик ҳаммом қурилган. Арк ичида бир неча ҳовузлар қазилган, ҳар хил мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар экилган. Арк ичига тоза ичимлик суви махсус қувурлар орқали киритилган, оқова сувлар ҳам сопол қувурлар орқали ташқарига чиқарилган. Аркнинг ичига жанубий ва шарқий дарвозалар орқали кирилган. Аркнинг мустаҳкам мудофаа деворлари ортидан чуқур хандақ ҳам қазилган. Шу туфайли Арк мустаҳкам қалъа ҳисобланган. Тўрт қаватли Кўксаройда Амир Темурнинг тахти, кутубхонаси ва хазинаси сақланган. Аркнинг ичида Шайх Нуриддин Басир, Фахр ул ислом Али Поздавий, Шайх Абдураҳмон ибн ал-Авф каби азиз-авлиёларнинг қабрлари бўлган. 1812 йилда Бухоро амири Ҳайдар Арк ичига ҳашаматли Олий мадраса қурдирган. Оқ подшо аскарлари 1868 йилнинг май ойида Самарқандни истило қилиб, Амир Темурнинг Аркига кириб жойлашади. Оқ подшо генераллари бу ердаги азиз-авлиёларнинг қабрларини портлатиб юборади. Арки аъло аввал Оқ подшо, сўнгра қизиллар қўшини истиқомат қиладиган ҳарбий қисмга айлантирилади. Ҳозир Самарқандга келган бирон сайёҳ “Амир Темур шундай улкан давлатни каердан туриб бошқарган?” деб сўраса, унча-мунча одам мана шу ердан деб Арки аълонинг ўрнини кўрсатиб бера олмайди. Негаки, бу ерда Амир Темурнинг Аркидан ном-нишон қолмаган.

Фикримча, бу ерда кенг кўламли археологик қазишмалар олиб борилиши лозим. Бир пайтлар Амир Темур Арк атрофига барпо қилдирган мудофаа деворини қайта тиклаш керак. Амир Темур даври меъморлари “Юксак иморатлар барпо қилиш учун чуқур пойдевор қазмоқ лозим”, деган тамойил асосида Кўксарой ва Бўстонсаройни бунёд қилган. Агар бу ерда қазишмалар олиб борилса, ҳар икки саройнинг сақланган пойдеворлари топилади. Шунда Амир Темур барпо қилган Арки аълонинг тарихий қиёфасидан, озгина бўлса-да, хабардор бўламиз ва бошқаларга ҳам кўрсатиш имконияти юзага келади.

Мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари билан боғлиқ яна бир муаммо борки, бунга алоҳида тўхталмоқ лозим. Бу сайёҳларга юртимизнинг бой тарихи, халқимизнинг миллий анъана ва маросимлари ҳақида сўзлаб берадиган гид-экскурсоводлар масаласидир. Тўғри, саводли, фидойи, ватанпарвар, ўз касбининг моҳирлари бўлган гидлар кўп. Аммо сайёҳларга тўлақонли маълумот беришга қодир бўлмаганлари ҳам кам эмас. Бу муаммо тўғрисида кўп гапирилади, турли режалар қилинади, аммо ҳали натижани қувонарли, деб бўлмайди. Биз билан узоқ йиллар археология соҳасида ҳамкорлик қилган, Шарқ халқлари тарихини чуқур биладиган, юртимизга совет даврида ҳам бир неча марта келган италиялик профессор Маурицио Този бир куни куюниб гапириб қолди.

– Мен Ўзбекистонга жуда кўп келганман, – деди у. – Аммо саводли гидни кам учратдим. Улар аллақандай чўпчакларни айтишади. Мен-ку Ўзбекистон тарихини сал-пал биламан. Аммо Ўзбекистон тарихидан бутунлай бехабар хорижлик сайёҳлар фақат чўпчак эшитиб кетмоқда. Бундай ҳолатни зудлик билан ўнглаш керак.

Меҳмоннинг эътирози тўғри эди.

Парижга халқаро илмий конференцияга борганимизда бизни машҳур француз археологи, профессор Франц Грене Лувр музейига олиб борди. Томоша тугаб меҳмонхонага қайтаётганимизда Ф.Грене бир гапни айтди: “Лувр музейига илмий ходим ёки гид бўлиб ишга кириш нари турсин, оддий фаррош бўлиб ишга кириш ҳам нуфузли вазирликдаги масъул лавозимни эгаллашдан мушкулроқ”.

Бизда бу соҳадаги аҳвол кишини хурсанд қиладиган даражада, деб бўлмайди. Гид-экскурсовод лавозимига фидойи, ватанпарвар, чўнтагини эмас, элу юртининг ору-номуси, шаънини ўйлайдиган кишилар қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

1991 йилнинг май ойида ЮНЕСКО томонидан уюштирилган халқаро “Буюк ипак йўли – мулоқотлар йўли” номли экспедицияда иштирок этганман. Марказий Осиёнинг беш давлати ҳудудларини босиб ўтган экспедиция жуда фойдали ва қизиқарли бўлган эди. Экспедициянинг сафари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида якунланди. Ўшанда мен машҳур қозоқ археологи, Иссиқ қўрғонидан “Олтин одам” жасадини топган Кемал оға Акишев билан учрашган эдим. Оқсоқол ўткир нигоҳини менга қадаб ўзбекмисан, деб сўради. Мен “ҳа” дедим.

– Болам, сенга бир ўтинчим бор, яхшилаб эшит, – деди. – Кўриб турибсан, кексайиб қолдим. Мен Ўтрорда анча йиллар ишладим. Ҳоким Бердибекнинг саройини топишга эриша олмадим. Биласан, у ерда 1405 йилда Амир Темур вафот этган. Ўзбек ва қозоқ археологлари ҳамкорликда Ўтрор шаҳри қатламларидан Бердибекнинг саройи қолдиқларини топинглар ва Амир Темур хотирасига ёдгорлик ўрнатинг­лар. Амир Темур нафақат ўзбек халқи, балки қозоқ халқининг тараққиётида ҳам катта ишлар қилган.

Ўша воқеадан бери 30 йилдан зиёд вақт ўтди. Не-не сувлар оқиб кетди. К.Акишев ҳам бу дунёни тарк этди. Қозоқ археологлари шу йиллар мобайнида Ўтрор шаҳрининг маданий қатламларидан Бердибек саройи қолдиқларини топди. Агар донишманд К.Акишевнинг васияти амалга оширилиб, Ўтрор шаҳрида Амир Темур хотирасига ёдгорлик ўрнатилса, ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилар эди.

Тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур Самарқанддан чиқиб сафарга йўл олганида, пойтахт аҳолиси Соҳибқирон кетган томонга оёқ узатмас, орқа ўгирмас экан. Биз буни ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз, буюк бобомизга ҳамиша эҳтиромда бўлишимиз керак.

 Амриддин Бердимуродов,

Яҳё Ғуломов номидаги Археология институтининг етакчи илмий

ходими, тарих фанлари номзоди, Париждаги Темурийлар тарихи

ассоциацияси вице-президенти

(“Гулистон” журналидан)