Ўзбекистонда коронавирус ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинади
“Ўзбеккино” миллий агентлиги Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси ёрдамида COVID-19 ҳақида фильм тайёрлашга киришди.
Фильм кинохроника кўринишида бўлиб, унда вируснинг Ўзбекистонда тарқалиши, шунингдек, COVID-19 пандемиясига қарши курашда ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар акс эттирилади.
Унда коронавирус билан касалланганлар учун қурилаётган шифохоналар ҳақида лавҳалар, ҳукумат аъзолари, тиббиёт ходимлари, экспертлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳамда тузалиб чиққан беморларнинг интервьюларига кенг ўрин берилади.
- Бугун қаҳрамонларимиз бошидан кечираётган оғир синовлар ҳақида ҳикоя қилиш орқали биз Ўзбекистонда COVID-19га қарши олиб борилаётган шиддатли кураш манзараларини, давлатимиз томонидан фуқароларимиз ва иқтисодиётимизни ҳимоя қилиш учун амалга оширилаётган ишларни кўрсатишни мақсад қилганмиз, - дейди “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов. – Шунингдек, бу жараён бутун дунёда, хусусан, мамлакатимизда қандай вужудга келгани ва ривожланганини, бу мудҳиш пандемияга қарши қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни кўрсатиб берувчи видематериаллар базасини ҳам яратамиз.
Ана шу база туфайли келгусида тадқиқотчилар ва экспетлар COVID-19га қарши курашда Ўзбекистон тажрибасини ўрганишлари мумкин бўлади.
Биз айни пайтда янги Ўзбекистоннинг жиддий синовлар давридаги тарихини ёзиш ва суратга олишга киришганмиз.