“Ўзбекистонда Хитой маданияти куни” тадбирлари доирасида концерт дастури ўтказилди
Концертда Маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов ва Хитой маданият вазири ўринбосари Луи Чуан сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик, маданий алмашинув ҳамда ижодий ҳамкорликнинг бугунги суръати ҳақида гапирди.
- Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамкорлик йилдан-йилга кенгаймоқда, - деди Луи Чуан. - Бундай тадбирлар халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Биз ўз санъатимизни Самарқанддек қадимий маданият ўчоғида намойиш этаётганимиздан мамнунмиз.

Тадбир доирасида Хитойнинг миллий чой маросими, калиграфия санъати, анъанавий ҳунармандчилик намуналаридан иборат кўргазмалар ҳам ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола қилинди.
Катта саҳнада ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар, нодир санъат асарлари йиғилганларга байрам кайфиятини улашди.

Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси, хитойлик педагог Танг Йиде тадбирнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди:
- Бундай маданий учрашувлар талабалар ва ёшлар учун бебаҳо имконият. Улар бошқа халқнинг санъати ва анъаналарини ўз кўзи билан кўриб, ҳис қилиб ўрганишади. Бу нафақат таълим жараёнини бойитади, балки халқаро дўстликка хизмат қилади.
Тадбир иштирокчилари икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик руҳини янада чуқурлаштирган бундай дастурлар келгусида ҳам давом этишига умид билдирдилар.