Ўзбекистондан катта миқдорда олтин олиб чиқиб кетаётганлар қўлга тушди
ДХХ ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг “Ғишткўприк” халқаро ўтказиш пунктида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон вилоятида яшовчи фуқаролар С.О., Р.Ф., К.Г., А.М. ва Р.А.лар 1 килограмм 168 грамм оғирликдаги тилла буюмларни Қозоғистонга олиб чиқиб кетмоқчи бўлишганида тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, “Ғишткўприк” халқаро ўтказиш пунктида ДХХ ва божхона қўмитаси ходимлари томонидан ўтказилган бошқа бир тадбирда эса Андижон шаҳрида яшовчи Н.Б. ва унинг турмуш ўртоғи М.Ў.ларнинг 1 килограмм 116 грамм оғирликдаги олтин буюмларни икки ёшли набираси таглиги (памперс) орасига яшириб, мамлакатимиздан олиб чиқиб кетишига чек қўйилди.
Аниқланишича, ҳар икки ҳолатда ҳам қонунбузарлар олтин буюмларни Қозоғистон орқали Ҳиндистон давлатига олиб бориб сотишни режалаштиришган.
ДХХ ходимлари Тошкент вилояти ҳудудида яна бир ноқонуний хатти-ҳаракатга чек қўйди. Маълум бўлишича, маҳаллий фуқаро М.Д. кўп вақтдан буён Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари яқинидаги ёпиқ шахталардан ноқонуний қазиб олинган олтинни андижонлик Н.У.га сотиб келган.
М.Д. навбатдаги олтин қуймаларни Н.У.га унинг қариндоши Т.М. орқали бериб юборади. Т.М. бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина Андижон шаҳрига кириб келган вақтида тўхтатилиб текширилганда 1 килограмм 476 грамм оғирликдаги олтин қуймалар, шунингдек, 14 минг АҚШ доллари ва 8,9 миллион сўм борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Терговолди суриштирув ишлари вақтида Т.М. олтин қуймаларни Н.У.нинг илтимосига кўра, М.Д.дан 63 минг АҚШ долларига сотиб олганлигини билдирди.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, Н.У. ушланди ва заргарлик буюмлари ясаб сотиш мақсадида муқаддам М.Д.дан олтин қуймаларни сотиб олганлигини тан олди.
Аниқланган барча ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти фуқароси Ғ.Р. “Қамчиқ” довони ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш шохобчаларининг бирида наманганлик Ғ.А.га қарийб 1 килограмм оғирликдаги олтин қуймаларни 294 миллион 600 минг сўмга сотаётганида уларнинг ҳар иккиси қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Поп тумани суди ҳукмига кўра, Ғ.Р. 4 йил муддатга, Ғ.А. 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.