Ўзбекистонлик икки футболчининг бири дунёнинг, яна бири Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси бўлишга даъвогар

Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси ((IFFHS) 2004 йил 1 январдан кейин туғилган 20 ёшгача футболчилар орасида дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогар 25 футболчи номини эълон қилди.

Улар орасида Ўзбекистон терма жамоаси ва Франциянинг «Ланс» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам бор. 

Ҳусановдан ташқари дунёнинг энг яхши ёш футболчиси бўлишга «Барселона» клуби футболчилари Ламин Ямал, Гави, Пау Кубарси, «Реал» клуби футболчилари Эндрик, Арда Гюлер, «ПСЖ» футболчиси Жоау Невеш ва «Манчестер Сити»дан Савинё каби юлдузга айланган футболчилар ўрин олган.

Осиё Футбол Конфедерацияси ҳам «Йилнинг энг яхши ёш футболчиси» совринига номзодларнинг якуний учлигини эълон қилди. 

Унга кўра, Ўзбекситон миллий жамоаси ҳамда ЦСКА клуби ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев якуний рўйхатдан ўрин олди.

Ўзбекистонлик 21 ёшли футболчидан ташқари, Япония ёшлар жамоаси аъзоси Гаку Навата ҳамда Жанубий Кореянинг «Тежон Ситизен» клуби аъзоси Ба Жун Ҳо ҳам ғолибликка даъвогар бўлиб турибди.

Ғолиб номи 29 октябрь куни Сеул шаҳрида Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан қитъа футболининг энг яхшиларини тақдирлаш маросимида эълон қилинади.