Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида портлаш бўлиши ҳақида ёлғон хабар берган фуқаро аниқланди
Тошкентда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида портлаш бўлиши тўғрисида ёлғон маълумот берган фуқаронинг шахси аниқланди.
"Postda" нашри берган маълумотга кўра, 19 октябрь соат 17:32 да ички ишлар идорасига келиб тушган мурожаатда шу куни номаълум шахс уяли алоқа рақамидан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Боғ кўчасида жойлашган Uztelecom алоқа компанияси операторига қўнғироқ қилиб, рус тилида «Эртадан кейин Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида портлаш бўлади» деб, гўшакни ўчириб қўйган.
Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида номаълум шахс қўнғироқ қилиб чиққан телефон рақами Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган Ж.Н.нинг номига расмийлаштирилганлиги, лекин у ушбу рақамдан фойдаланмаслиги маълум бўлган. Ундан тоғаси — Марғилон шаҳрида яшовчи, 1965 йилда туғилган А.Д. фойдаланиши аниқланган. Айнан у ушбу қўнғироқни амалга оширганлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, А.Д.нинг нима мақсадда бундай қилганлигига ойдинлик киритилмоқда.