Пандемия - Яратган юборган синовни, иккинчидан, техник имкониятларни жадал ривожлантиришни тақдим этди

Замонамиз башариятни кутилмаган, таҳликали ва кўпнинг ғамига сабаб бўлаётган синовга юзлангани ҳаммамизга маълум. Бугуннинг авлоди, аввалги бир неча авлодга нисбатан кўпроқ аралаш хотираларга эга бўлиши муқарар. Кейинги йилларда эришилаётган фан ва техника, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётни яхшилашга қаратилган қатор ютуқлар учун ҳис қилинаётган мамнуният билан бир қаторда, бизга буларнинг барчаси учун қўрқув уйғотадиган глобал пандемия тажрибаси ҳам насиб этди. Бунга сабаб, ҳар бир фаолиятимиз, муносабатларимиз ва қадриятларимиз аввалгидан хиёл бўлса-да, бошқача тус ола бошлади. Пандемия бир тарафдан, Яратган юборган синовни, иккинчидан, техник имкониятларнинг жадал ривожланиши орқали енгиллик ҳам тақдим этди. Аслида бу ҳам неъмат, бу ҳам инсониятга берилган имконият эмасми?

Жамиятдаги барча соҳалар сингари таълим тизими ҳам бирданига зиммасига тушган, ноанаъанавий тартиб ва тамойилларга юз тутди. Йиллар давомида мисқоллаб йиғилиб келинаётган тажриба, доналаб терилган амалиёт кўз ўнгимизда бошқача шаклда гавдаланди. Бу сафар бизда ҳеч қандай танлов ва ҳеч қандай инкор этишнинг имкони бўлмади. Таълим соҳасида фаолият юритаётганларнинг барчаси, кўп маънода янгича усул, ўзгача тартибга эга – дистант таълим тизимига, маъжозий маънода, боши билан шўнғишига тўғри келди.

Соҳалар ва йўналишлар сингари, ушбу бизга “янги қариндош” бўлган дистант усулнинг ҳам ўз одоб-ахлоқ қоидалари (этикети), маданияти мавжудлиги, айрим ҳолларда ёдимиздан кўтарилгандек кўринади. Ҳолбуки, ушбу бизга “бегона” тизимда ҳам, барчамизга таъниш, аммо ҳамма тарафидан муносабат ва муомалага асос қилиб олинадиган, умумбашарий инсонийлик маданияти асослари ҳукм суради. Дистант муносабатлар ҳам ўзаро ҳурмат, ўз хатти-ҳаракатига бўлган масъулият, хушмуомалалик, сабрлилик ва энг асосийси ҳалоллик тамойилларидан узоқлаша олмайди.

Биз, нима бўлганда ҳам, инсонмиз!

Юзма-юз муносабатми у ёки дистант (масофадан)ми унинг субъекти барибир ўзимиз эканлигимизни ва ҳар ишимизда ҳалолликдан йироқлашишимиз нопокликка қаратилган жирканч уринишга тенглаштирилишини унутмаслигимиз даркор.

Таълимда энг асосий тамойил - бу таълим берувчининг ўқитишда ва таълим олувчининг ўрганишда ҳалоллигидир!

Айрим ҳолларда соҳа вакилларининг жараёнга масъулиятсизлик билан ёндашиши ва таълим олувчиларнинг, айниқса, ўз хатти-ҳаракатига тўлиқ жавобгар бўлган, вояга етган ёшларимиз – талабаларимизнинг мавжуд, ҳали етарлича йўлга тушиб улгурмаган, глобал дистант таълимнинг камчиликларидан ўзининг эгри мақсадларида фойдаланиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Қанчалик ўзимизни, яхши ниятда эканлигимиз билан алдашга уринмайлик, масъулиятсизликнинг ўзи эгрилигича қолаверади ва бу инсон ҳаётида ўз изини қолдираверади.

Барнохон САМАТОВА,

Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори.