“Пақилдоқ” эрмак эмас
Янги йил байрами арафасида шаҳару қишлоқлар, кўча-ю хиёбонлар янада ажойиб қиёфа касб этади. Майдонларда безатилган арча атрофида болажонларнинг шодон кулгиси тутади. Қувончли кунлардан мамнунлик туйиб, Янги йил айёмини шодон кутиб олишга нима етсин?!
Шундай деймизу, лекин айримлар саломатлигимиз учун хавфли бўлган “пақилдоқ”, яъни пиротехника воситаларини хушнудликнинг бир қисми, эрмак деб билади.
Мамлакатимизда пиротехника буюмларидан фойдаланиш тақиқланган. Шунга қарамасдан, Янги йил байрами арафасида пиротехника буюмлари масаласида ноқонуний ҳолатлар учраб турибди. Бу айрим кимсаларнинг фақат ўз нафсини ўйлаши оқибатидир.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш гуруҳи ходимлари томонидан олинган тезкор маълумот асосида Ургут тумани Ипакли МФЙ ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.
Натижада фуқаро И.Б.га тегишли бўлган қутиларда умумий қиймати 6 миллион сўмдан ортиқ, 14 400 дона, умумий оғирлиги 7,0 килограмм “Трения” пиротехник воситалари борлиги аниқланди ҳамда ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан дастлабки божхона суриштирувлари олиб борилмоқда..
Вилоят божхоначиларининг хатти-ҳаракатлари билан жамоат жойларида, хонадонларда пиротехника буюмлари муомаласи оқибатида юз бериши мумкин бўлган, байрам кайфиятига таъсир этувчи, саломатлигимизга путур етказувчи нохушликларнинг олди олинаётир.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.