Париж-2024: Бугун самарқандлик боксчи қизларимиз жанг қилади
Нигина Ўктамова 2003 йил иштихон туманида туғилган. 2019 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси таркибига жалб қилинган. Мураббийи Азим Худойқулов. Н.Ўктамова ўзбек боксчи қизлари орасида биринчи бўлиб жаҳон чемпионлигини қўлга киритган спортчи ҳисобланади. У 2021 йил Полшада ўтган ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигида олтин медалга сазовор бўлган. 2021 йил U-20, 2023 йил U-23 ёш тоифаларида Осиё чемпионатларида чемпионлигига эришган. 2021 йил «Йилнинг энг яхши ёш спортчиси» дея эътироф этилган. Халқаро майдонда кўрсатган натижалари учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Ситора Турдибекова 2002 йил 20 май куни Булунғур туманида таваллуд топган. 2019 йилдан миллий терма жамоа аъзоси. Мураббийи Шариф Нарзиқулов. Ситора 2021 йил катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган. 2022 йил Тошкентда ўтган U-22 қитъа биринчилигида бронза, 2023 йил Бангкок мезбонлик қилган айни шу тоифадаги чемпионатда эса кумуш медаль соҳибига айланган. Кўрсатган натижалари эвазига «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Париж олимпиадасида Ситора Турдибекова 57 кг. вазн тоифасида бугун соат 16:00 да Марселат Сакоби Матшу (Конго)га қарши, Нигина Ўктамова эса 54 кг. вазн тоифасида 19:50 да Чолми Панг (КХДР)га қарши жанг қилади.