Парижда Ўзбекистоннинг тарихий буюмлари кўргазмаси очилади
Дунёнинг энг машҳур музейларидан бири бўлмиш, Франция пойтахти Париж шаҳридаги Лувр музейида 2021 йилда Ўзбекистоннинг тарихий буюмлари ҳақидаги энг катта кўргазма бўлиб ўтади.
Ушбу кўргазмани ташкиллаштириш иши билан бугун музей ходимлари, Ўзбекистон маданият вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди, Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси шуғулланмоқда.
Кўргазмага тайёргарлик жараёнида Францияда кўргазма илмий-ташкилий қўмитаси, Лувр музейи ходимлари, ўзбек санъатшунослари, шунингдек Россиянинг Эрмитаж ва Шарқшунослик музейи ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди ва унда кўргазмани ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
“Луврда ташкил этилаётган ушбу кўргазма Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий объектларини дунёга янада яқинроқ танитишда муҳим роль ўйнайди", - дейди Россия Шарқшунослик музейи ходими Тигран Мкртичев.
Кўргазма илмий-ташкилий қўмитасининг навбатдаги йиғилиши 2020 йилда Тошкентда бўлиб ўтади.
Лувр музейи Парижнинг энг диққатга сазовор масканларидан бири ҳисобланади. Унда санъат ва маданиятга оид 400 мингдан зиёд экспонат сақланади.
Музейга ҳар йили 10 миллион атрофида сайёҳ ташриф буюради.
Лувр музейи билан ҳамкорлик меморандуми ўтган йил Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи пайтида имзоланган эди.