Паст дарғомда 64 оила мутасаддилар бепарволигидан азият чекмоқда

Дастлаб барча шароитлар, хусусан, бекаму кўст коммунал хизматлардан умидвор бўлиб кўчиб ўтганларнинг бир неча ойда ҳафсаласи пир бўлди.
– Аввало, канализация муаммоси юзага чиқди, – дейди "Ёшлар уйи"да яшовчи С.Мажидова. – Лойиҳа қандай тайёрланган, уни ким тасдиқлаган ва қабул қилган, билмаймиз, аммо бир неча ойда канализация қудуғи тўлиб қолгач, нима қилишни билмай қолдик. Ўтган йил ёзда туман ҳокими маҳалламизда сайёр қабул ўтказгач, барчамиз шу муаммони айтдик. "Эртага бу муаммо ҳал бўлади", дейишганида хурсанд бўлгандик. Аммо биз ҳалиям шу кунни кутиб турибмиз. Айниқса, ёз кунларида бадбўй ҳидга чидаб бўлмайди. Бу қудуқ шундоққина уйнинг орқа томонида бўлгани учун кечқурун деразаларни ҳам очолмаймиз, чивинлар чақиб, инфекция тарқалишидан қўрқамиз.
Яна бир ачинарли ҳолат – антисанитар ҳолатда турган канализация қудуғи ёнгинасида туғруқхона ва унинг иккинчи қаватида поликлиника ҳам бор. Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг бу томонларга "иши тушмагани" яна ҳам қизиқ.
2016 йил 28 ноябрда ёш оилалар ёрдам сўраб, туман ҳокимлигига яна мурожаат қилишади. Туман ободонлаштириш бошқармасидан келган жавоб хати мазмуни қуйидагича:
"…Ободонлаштириш бошқармасида суюқ чиқиндини олиб чиқиш учун махсус машина мавжуд эмас. Суюқ чиқиндиларни олиб чиқиш учун туман пахта тозалаш заводи ва туман ўсимликларни ҳимоя қилиш бирлашмасига мурожаат қилишингиз мумкин".
Хуллас, туманда муаммога жиддий қизиқадиган ҳам, унга ечим топиб берадиган ҳам топилмади. Аҳоли бир неча марта пул йиғиб, оқовани чиқартирди ҳам, аммо икки кун ўтиб, яна шу аҳвол. Ҳатто канализация қудуғи ёнидан ҳашар йўли билан қазилган ўра ҳам ёрдам бермади. Ниҳоят жорий йил февралида яна туман ҳокими С.Эргашевга ёзма мурожаат қилишди. Афсуски, "Ёшлар уйи"га на жавоб хати келди ва на хабар олишга бирор масъул инсон. Бу муаммо бир неча марта матбуотда эълон қилинганда ҳам тегишли ташкилотлар "бир қимирлаб" қўйгани йўқ.
Бу уйлардаги сув муаммосининг тақдири ҳам ана шундай.
– Ўз номи билан "Ёшлар уйи". Барча ёш оила, ҳамманинг қўлида чақалоғи бор, – дейди М.Мелиева. – Баъзан кунига икки маҳал сув келади, кўпинча ойлаб ичимлик сувидан дарак йўқ. Шу йил апрель ойининг ярмидан бошлаб июнь ойи ўртасигача бир ой шундай бўлди. Уйимиздаги барча хонадондагилар бир қўлида чақалоқ билан челакда сув ташиб келиб, тепага олиб чиқди. Яна денг, 200 метр наридаги эски сув иншоотининг тешилган қувуридан. Худди канализация муаммоси каби ичимлик сув бўйича ҳам кўп жойга мурожаат қилдик. Аммо дардимизни эшитадиган бор-у, ҳис қиладиган одам йўқ.
Яна бир гап. Шунча муаммо етмаганидай, "Ёшлар уйи" рўпарасида катталар учун хусусий мини-футбол стадиони фаолият кўрсатади. Турли маҳаллалардан келувчилар учун тонггача ўйин ташкил этилади. Аҳолининг айтишича, шундоққина дераза рўпарасидаги майдондан келаётган қийқириғу ҳақоратлардан болалар ором ололмай чиқади. Яшаш уйлари олдида бундай майдон қурилишига рухсат бериш қонунийми, йўқми, тундан тонггача кўп қаватли уйлар олдида ўйин ташкил этиш мумкинми? Аҳолининг бу саволларига ҳам тегишли ташкилотлар ҳали жавоб бергани йўқ.
Эҳтимол, уйлар янги бўлгани учундир, "ҳали хизмат кўрсатишга эҳтиёж йўқ" деган маънода бўлса керак, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ҳам ташкил этилмаган. Ҳокимлик, ободонлаштириш бошқармаси ва бошқа идораларнинг муносабатини ҳам кўрдик. Энди айтинг-чи, 64 та хонадон дардини ким эшитади? "Ёшлар уйи" эгасизми? Бу уйда яшовчилар пастдарғомлик эмасми? Туман ҳокимлиги, мутасадди идоралар нега уларга бефарқ? Ёшлар иттифоқи туман кенгаши-чи? "Камолот" уйи сифатида бунёд этилиб, ёшларга берилган уй ва унда яшовчилар уларга бегонами?
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.