Паст Дарғом мактабларининг 6 нафар директори нега интизомий жазо олди?

Халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами кенг. Бироқ тизимдаги муаммоларни босқичма-босқич ҳал этмасдан, халқ таълими ходимлари, айниқса, мактаб директорларининг масъулиятини оширмасдан туриб, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш қийин.

Шу боис Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов раҳбарлигида бошқарманинг бўлим бошлиқлари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари томонидан вилоятнинг туман ва шаҳарларида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтга қадар Иштихон ва Пайариқ туманларидаги умумтаълим мактабларида янги ўқув йили, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларининг ҳолати ўрганилиб, аниқланган муаммолар мактаб директорлари иштирокида муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг 30 июнь куни бошқарманинг 20 нафар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Паст Дарғом тумани халқ таълими бўлими мутахассислари ҳамроҳлигида тумандаги мактабларда ҳам худди шундай ўрганиш ишлари олиб борилди. Тумандаги 84-умумтаълим мактабида ушбу ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар муҳокама этилиб, олдинда турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Унда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов сўзга чиқиб, Паст Дарғом тумани умумтаълим мактабларининг миллий рейтинг натижаларига кўра қайд этган ўрни, тумандаги таълим-тарбия жараёнларининг ҳолати, ўқувчиларнинг ОТМга ўқишга кириши, баъзи мактаб директорларининг вазифасига нисбатан совуққонлиги сабабли аҳолидан келиб тушаётган мурожаат ва шикоятларга алоҳида тўхталиб ўтди. Бугун ҳар бир катта-кичик муаммолар, хато ва камчиликлардан қатъий хулоса чиқариш вақти келганини, соҳани иллатлардан халос этиб, бор имкониятни ўқитувчиларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, ўқувчиларга мустаҳкам билим бериш устида кўпроқ бош қотириш лозимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, бошқарма бўлим бошлиғи Хуршид Ҳожиқулов тумандаги мактабларда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари бўйича ҳисобот берди.

1-ИДУМ, 52-, 54-, 17-, 38-, 47-, 51-, 63-, 102-умумтаълим мактабларида муассасани янги ўқув йилига тайёрлаш ишлари сифатли ташкил этилгани, ҳудуднинг ободлиги, бўш турган ер майдонларидан унумли фойдаланиш, қўшимча даромад топиш бўйича эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилган. С.Усмонов ушбу мактаб директорларининг меҳнатини алоҳида эътироф этиб, миннатдорчилик билдирди.

Бироқ ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 1-, 46-, 67-, 78-, 100- ва 116-умумтаълим мактабларида янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, ободонлаштириш ишларининг олиб борилмаганлиги, ўқув жиҳозларидан фойдаланиш қониқарсизлиги, ҳожатхоналар эса антисанитария ҳолатда эканлиги аниқланди.

Ачинарлиси, ўқувчилар ҳаёти учун хавфли бўлган “буржуйка” печлардан фойдаланиш тақиқланган бўлишига қарамасдан, айнан ушбу мактабларнинг синфхоналаридан худди шундай иситиш мосламалари топилди. Мазкур мактабларнинг директорларига нисбатан масъулиятсизлиги сабабли интизомий жазо чораси қўлланилди. Бошқа мактаблардаги ҳолатларга ҳам изоҳ берилиб, директорлар қатъий огоҳлантирилди.

Паст Дарғом тумани ҳокими ўринбосари Элдор Бердиев, туман халқ таълими бўлими мудири Эламон Пармонов аниқланган камчиликлар, мавжуд муаммолардан барча директорлар тегишли хулоса чиқариши, мактабларда таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлашди.

Вилоят халқ таълими бошқармасининг ишчи гуруҳи аъзолари Қўшработ туманидаги умумтаълим мактабларида худди шундай ўрганиш ишларини давом эттиради.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.