Паст Дарғом туманида одамларни рози қилиш учун нима ишлар амалга оширилди?

Бу ҳақда туман ҳокими Ш.Худойбердиев кеча бўлиб ўтган халқ депутатлари туман Кенгашида ҳисобот берди.
Қайд этилишича, жорий йилда Гўзалкент массивида қурилган 2 та кўп қаватли, 48 та хондонли арзон уй-жойлар ноябрь ой куни билан фойдаланишга топширилади. Пахтакор маҳалласида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар, фарзандлари меҳрибонлик уйида тарбияланаётган чин етимлар учун ҳашар йўли билан 2 сотихли, 3 хонали 44 та уй-жой қурилган.
Келгуси йилда Гўзалкент маҳалласидаги бўш турган 2 қаватли бино уй-жой учун мослаштирилиб, 10 та оилага берилади.
Тумандаги 1257,2 километр ички йўлларнинг 490 километри ёки 40-50 фоизи таъмирталаб. Жорий йилда 4 та кўприк ва 17 километр ички йўл, шунингдек, давлат аҳамиятидаги 7 километр йўл жорий таъмирланган.
Бундан ташқари, 35 километр қишлоқлардаги тупроқ йўлларига тош тўкилган. Бу кўрсаткич йил якунига қадар 50 километрга етказилади.
Тумандаги 65 та тарсформатор пунктларидан (жами 1155 та ТП) 60 таси таъмирланган. Шунингдек, 20 та қўшимча трансформатор пункти ва 500 та темирбетон устунлари ўрнатилиб, 40 километр янги электр узатиш тармоқлари тортилган.
Мавжуд 65 минг 396 та хонадонлар суюлтирилган газ билан таъминланадиган 40 минг 457 тасига жорий йилда 1015 дона қўшимча маиший газ баллонлари етказиб берилган. Йил якунигача 1516 та маиший газ баллонлари келтирилади.
Таъкидланишича, тумандаги 47 минг 739 та ёки 73 фоиз хонадон марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланган. Айни пайтда Зангибойи, Боғишамол ва Тосқултон маҳаллаларида янги сув иншооти қуриш ишлари олиб борилмоқда. Яқин кунларда тугатиладиган қурилишлар 650 та хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини беради.
Бундан ташқари, ичимлик суви йўқ 47 та маҳаллаларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 2021-2023 йиллар давлат манзилли рўйхатига таклиф берилган.
Чархин қўрғонида жойлашган 4 та кўп қаватли уйларни оқова хизмати билан таъминлаш учун Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 250 диаметрда 1,436 километр иккита тармоқ тортиш ҳамда оқова сувларини чиқарадиган насос станциясини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Халқаро молия институтлари иштирокида Жума шаҳарчасида 1 та оқова сувларини тозалаш иншооти қуриш ва 22,5 километр оқова тармоғи тортиш ҳамда Чархин шаҳарчасида 1 та оқова сувларини тозалаш иншооти қуриш ва 14 километр оқова тармоғи тортиш бўйича қиймати 27,1 миллион долларлик лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган.
Лойиҳа таклифи кўриб чиқиш учун Инвестициялар ва ташқи савдо, Молия ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига киритилган.
2019 йилда Самарқанд ва Жума шаҳарчаси оралиғидаги 26 километр масофага 784 та, жорий йилда Бўстон маҳалласидаги Амир Темур кўчасига ва Миллий банк Жума филиали биноси олдидан туман марказий шифохонасигача бўлган масофага тунги ёритгичли устунлари ўрнатилган.
Йил якунигача яна 200 дан ортиқ тунги ёритгичли устунлар ўрнатилади.