Паст Дарғомдаги икки қаватли бино талабларга зид равишда қурилган
Кейинги вақтларда вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан янги қурилаётган бино ва иншоотларни қуришда самарадорликни ошириш, соҳадаги муаммоларни барвақт аниқлаб бартараф этиш мақсадида ўрганишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, инспекция томонидан жойларда қурилиш жараёнларининг қонунийлигини таъминлаш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида Паст Дарғом туманидаги Искандари маҳалласида қурилаётган 2 қаватли савдо дўкони, дорихона ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида кўздан кечирилди.
- Мазкур объектларда қурилиш-монтаж ишлари талабларга зид равишда, ҳудудий инспекциянинг рухсатисиз бошлангани аниқланди, - дейди ҳудудий инспекция бош мутахассиси Абдулазиз Эшмурзаев. - Қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан жавобгар шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан жарималар қўлланилди. Уларга қурилиш жараёнларида қонунчилик талабларига амал қилиш, ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошламасликлари лозимлиги таъкидланди.
Зеро, бундай ҳолатлар нафақат иқтисодий йўқотишларга, балки инсон ҳаёти хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солиши мумкин.
А.ЖАББОРОВ.