Паст Дарғом туманида “Менинг оилам – менинг бахтим” тадбирида йигирмага яқин аёллар иш билан таъминланди

Паст Дарғом туманида 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан “Менинг оилам – менинг бахтим” деб номланган тадбир ҳамда Президентимизнинг беш ташаббуси бўйича оммавий сайл кўргазмаси ташкил этилди.
Туман марказидаги “Ёшлар боғи”да ўтказилган тадбирларда ҳудуддаги энг чекка қишлоқлардан оилалар ва ёшлар иштирок этди.
Боғга кираверишда меҳмон ва мезбонларни мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари карнай-сурнай садолари остида кутиб олди.
Ичкарига йўл оларканмиз бир томонда онахонларимизнинг лапарларию, бахши акамизнинг санъатидан баҳраманд бўласиз. Спортчи ёшлар ўз чиқишларини намойиш этаётган бўлса, бир томонда ёшлар рассомчилик маҳоратини намоён этмоқда. Китоблар кўргазмаси, “Фарзандингизга китоб совға қилинг” акцияси ўтказилгани байрамга ҳамоҳанглик бермоқда. Бир томонда тадбиркорлар маҳсулотлари ҳам намойиш этилди.
Эрта тонгдан бошланган тадбир кечгача давом этди ва беш ташаббус бўйича энг муносиб оилалар тақдирланди. Мукофотларни вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова топширди.
Жумладан, Жағалбойли маҳалласида яшовчи Олмазор маҳалласидан Шерзод Жумабоев оиласи энг намунали санъаткор оила, Гулбаҳор Раҳимова оиласи энг фаол спортчи оила, Жума шаҳрида яшовчи Улуғбек Раҳимов оиласи компьютер саводхонлиги бўйича энг намунали оила, Сазағон маҳалласидан Гулчеҳра Имомова оиласи энг намунали китобсевар оила, Тўқбой маҳалласидан Гулбека Қўчқорова оиласи энг кўп хотин-қизлар бандлигини таъминлаган оила деб топилиб ташаккурномалар ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
- Туманимизда саксон мингдан ортиқ оилалар мавжуд бўлиб, бугунги тадбирга уларнинг кўпчилигини таклиф этдик ва айримларининг хонадонларига бориб улар ҳолидан хабар олдик, - деди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Санақулова. – Шунингдек, тадбир доирасида бўш иш ўринлар ярмаркаси орқали йигирмага яқин хотин-қизлар иш билан таъминланди. Бу каби тадбирлар ҳали давом этади.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.