Пахта: Каттақўрғонда илк бор ҳар гектар ердан 34 центнердан ҳосил олинди, фермерларнинг умумий даромади 60 миллиард сўмдан ортди

Яқинда бир даврада пахта етиштириш, териб олиш ҳақида гап борди. Унда кимдир “Пахта ана энди ҳақиқатан ҳам оқ олтинга айланди”, деди. Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати “Туманимиз фермерлари пахта сотиш шартнома режасини бажарди”, деган хабарни телеграм каналимизга жўнатганида шу гап ёдимга тушди.

Рақамларга эътибор қаратаман: тумандаги 221 та фермер хўжалиги ҳамда “Амина Голд” МЧЖ ва “Kattaqurgan cluster” МЧЖлари томонидан 10 минг 750 гектар ер майдонида ғўза етиштирилиб, пахта тўқимачилик кластерлари қабул пунктларига 36 минг тоннадан ортиқ хом ашё етказиб берган.

Эътиборлиси, рекорд ҳосил кўтарилган. Ўртача ҳосилдорлик - 34 центнер. Даромад ҳам чакана пул эмас, нақд 60 миллиард сўм. Бунинг ортида қанча соф фойда борлигини тасаввур қиляпсизми? Бир пайтлар катта харажат ва меҳнат эвазига 22-23 центнер ҳосил олган фермер бу йил 37,5 центнер ҳосил олибди.

“Пахтани оила аъзоларим, ишчиларим, маҳалладошларим билан териб олдик. Ортиқча бир сўм четга кетгани йўқ. Кластер пахтани “тарозидан урмай” юқори навга сотиб олди. Нафақат менинг, ишчиларимнинг кайфияти зўр, чунки қўлимизда пул, ҳисоб рақамимизда пул. Шу боис ҳозирдан келгуси йил яна кўпроқ ҳосил олиш учун ҳаркатни бошладик”.

Ҳаммамиз эшитиб, кўриб турибмиз. Каттақўрғондаги каби фермерлар республикамизда кўпаяяпти. Нима деймиз: қандингни ур, фермер, ҳалол топганинг яхши кунларингга хизмат қилсин!