Пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди
Вилоят Матбуот уйида “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Каримов билан Республика ва вилоят ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирокида жорий йил пахта мавсумига тайёргарлик кўришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда 2021 йил пахта ҳосилини уюшқоқлик билан нес-нобуд қилмасдан, ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича вазифалар хусусида маълумот бериб ўтилди.
Жорий йилда вилоятдаги 2 минг 90 та фермер хўжаликлари томонидан 75 минг гектардан зиёд ердан 243 минг тоннадан ортиқ пахта йиғиштириб олиш режалаштирилган. Ҳозирда 9 та пахта-тўқимачилик кластерлари фермерлар томонидан 31 дона замонавий пахта териш машиналари, 1 минг 735 та транспорт техникалари ва 2 минг 634 дона тиркамалар тайёрлаб қўйилган. Шунингдек, “Афросиёб джинс” МЧЖ пахта тўқимачилик кластерида 2 та, “Пахтачи кластер”ида 3 та, “Каттақўрғон кластер” МЧЖда 2 та, “Амина гольд инвест” МЧЖда 3 та, “Пайариқ кластер” МЧЖда 4 та, жами кластер корхоналарига қарашли 27 та пахта қабул қилиш масканлари пахтани қабул қилишга тайёр. Уларда 90 дона ўт ўчириш воситалари, 154 комплект кичик механизация воситалари, 24 дона ёпиқ омборлар, 412 дона ғарам майдончалари, 316 дона электрошкаф (ШОМ), 525 дона ҳудудни ёритиш мосламалари таъмирланиб, шай ҳолатга келтирилди.
Ўтган пахта мавсумида биринчи теримда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта учун 1000 сўмдан, иккинчи теримда эса 1200 сўмдан берилган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги йиғилиш баёнига асосан биринчи теримда 1200 сўмдан, иккинчи теримда эса 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлар ҳосилни қисқа фурсатда йиғиштириб олиш мақсадида белгиланган нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилашлари тавсия этилади. Терим отрядлари раҳбарларига мавсум якунига қадар 2 миллион сўмдан меҳнат ҳақи берилади.
- Ҳозирда вилоят бўйича 130 мингдан зиёд теримчиларни жамлаган 1834 та терим отрядлари ташкил этилган, - дейди бошқарма бўлим бошлиғи Баҳодир Раҳмонов. – Шунингдек, кластерлар томонидан 229 минг дона териш этаги, 2506 дона пахта ёпқич, 13520 махсус қанор қоплар захира қилиб қўйилган.
Теримга 18 ёшга тўлмаган фуқаролар, талабалар, бюджет ёки хўжалик ҳисобидаги ташкилот ходимлари ва ҳарбийлар жалб қилинмайди. Теримда иштирок этишга мажбурлаш қатъиян ман этилади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.