Пахтачи тумани ҳокими Музаффар Ҳамдамов: “Биз ишлайлик, баҳони халқ берсин”

Пахтачи тумани вилоят марказидан бирмунча узоқ бўлгани учун оммавий ахборот воситаларида у ердаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёт, амалга оширилаётган ишлар, кузатилаётган ўзгаришлар ҳақида кўпам материаллар берилавермайди.

Бундан ташқари, бир неча йил олдин раҳбарларда масс-медиа учун очилиш бўлган даврда кузатилган жўшқинлик бугун сусайгандек.

Шу омилларни ҳисобга олиб туман ҳокими Музаффар Ҳамдамовга бир нечта савол билан мурожаат қилдик.

 - Музаффар Яздонович, суҳбат аввалида бир қур ортга назар солсак. Чунки 2020 йиллардаги интервьюларингизда Қизбуви, Қарнабота тоғ тизмаларида қазилма бойликлар кўплигини, уларга инвесторларнинг қизиқиши катта эканлигини айтгансиз. Орадан қарийб 4 йил ўтди, қандай натижаларга эришилди?

- Ҳақиқатан ҳам Қизбуви, Қарнабота тоғ тизмалари қазилма бойликларига бой ва бу имкониятдан тўғри фойдаланаётган маҳаллий тадбиркорларимиз ҳам етарли. Мисол учун, «Алишер полиз экинлари» фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Бегимов томонидан Кичик Қарнаб ҳудудида 6,4 гектар ер майдонида 200 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган гипс кукуни ишлаб чиқариш лойиҳаси деярли якунига етди. Лойиҳанинг қиймати 3 миллион доллардан зиёд.

Тадбиркор ҳозирги кунда темир-бетон, гипсокартон, кафель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини бошлаган. Бу лойиҳаларни амалга оширишда Хитой давлати билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Бундан ташқари, «Мадина савдо белгиси» корхонаси раҳбари Ҳабиб Садиновнинг гипс маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам деярли якунига етмоқда. Хитойдан келтирилган ускуналар ўрнатилган лойиҳа қиймати 2,5 миллион долларга тенг. Лойиҳа доирасида 100 га яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Яна бир тадбиркоримиз Бекзод Ибатов эронлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда «Арио Гранит» қўшма корхонаси ташкил қилиб, Қарнабота ҳудудида 20 гектар ер майдонида темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, гранитни қайта ишлаш ва асфальт заводи лойиҳаларини амалга оширмоқда. Бугунги кунда 2 миллион доллар қийматидаги техника ва ускуналар олиб келиниб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Қарнабота ҳудудида яна бир тадбиркор Артём Саркисян «Грк Альянс» номли хусусий корхона ташкил қилган. Бу субъект вилоятда каолинни қазиб олиш ва қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланадиган ягона корхона ҳисобланади. Ҳозирги кунда бу ерда 100 киши иш билан таъминланган.

Маълумот учун, каолин - қоғоз, чинни, фаянс, кимё, резина саноатида, ўтга чидамли буюмлар ва изоляторлар тайёрлашда ишлатилади. Биргина шу фактнинг ўзи корхонанинг аҳамияти, унинг истиқболи ҳақида аниқ тасаввур беради.

- 2019-2020 йилларда Европа давлатлари билан катта лойиҳалар режалаштирилганди. Кейинчалик улар ё унутилди, ё кутилган натижага эришилмади. Шу маънода кейинги йилларда туманга инвестиция киритиш шиддати пасайгандек. Сиз нима дейсиз?

- Мен қилинган ишлар ҳақида маълумотларга тўхталсам, баҳолашни эса зукко ўқувчиларнинг ўзига қолдирсак.

Туманимизда Англия билан ҳамкорликда «Гранит мининг» корхонаси ташкил қилинган. Бу ерда 90 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Турли хил тошларни қазиб олиш ва майдалаш билан шуғулланадиган корхона қуввати ойига 90 минг куб. Ҳозирги кунда корхона нафақат вилоятимиз, балки қўшни Навоий, Бухоро вилоятларига ҳам магистраль йўлларни таъмирлаш ва янги асфальт йўлларни барпо этиш учун маҳсулот етказиб бермоқда.

Жорий йилнинг 1-чорагида корхона фаолиятини кенгайтириш учун корхона таъсисчиси, чет эллик ҳамкор Й.Гаврициак томонидан қўшимча 1 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилди.

Бундан ташқари, 2022 йилда Нидерландиянинг «Ario international» корхонаси билан ҳамкорликда қалай рудасини қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш учун «Staunum Taurus» қўшма корхонаси очилганди. Корхона томонидан 5 йиллик шартномага асосан қидирув ишлари олиб борилмоқда. Яқинда қўшма корхона раҳбари лойиҳа учун дастлабки 3,5 миллион доллар ўзлаштирилганлиги ва техника, ускуналар олиб кирилаётганлигини маълум қилди. Маълумот учун, қалай рудасини қазиб олиш Қарнабота маҳалласи ҳудудида амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Президентимизнинг Хитой Халқ Республикаси билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда тадбиркорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида имзолаган қарорларига асосан Пахтачи туманида 2 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, 100 миллион доллар қийматидаги шиша ҳамда 50 миллион долларлик каолинни қайта ишлаб, кафель ва керамик маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилади. Ҳозирги кунда бу лойиҳаларга Хитой томони вакилларининг қизиқиши жуда баланд. Каолин лойиҳасини амалга ошириш учун маҳаллий ҳамкор Мизроб Очилов томонидан «Shaxboz Kaolin Manufaktore» корхонаси ташкил этилиб, карьер ва корхона қурилиши учун ер майдонлари режалаштирилган.

- Ижтимоий-иқтисодий ўсиш, табиийки, инфратузилма, коммунал хизматлар билан бевосита боғлиқ. Айтингчи, мазкур йўналишда кейинги 4-5 йилда нималар ўзгарди? Уларнинг самараси нималарда кўзга ташланяпти?

- Бу даврда, аниқроғи, ўтган 4 йилда туманда 162,1 километр йўл асфальт қилинди. 88 километр электр тармоқлари янгиланди, 67 та янги трансформатор пункти ўрнатилиб, 25 та трансформатор пункти ва 2200 та симёғоч алмаштирилди.

Албатта, бу ишлар биринчи навбатда туманда тадбиркорлик ривожида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бунинг исботини иқтисодий кўрсаткичларда ҳам кузатиш мумкин. Зотан, савдо 5 баробарга кўпайди. Шунингдек, саноат 4,5 ва хизмат кўрсатиш 3,5 баробарга ўсди.

Мақтанишга йўймангу, лекин ўтган йили сентябрь ойида ўтказилган йиғилишда «жойларда ишлар тўғри йўлга қўйилгани боис 25 та туман ва шаҳарда саноат ҳажми 10 фоиздан кўпайгани»ни давлатимиз раҳбари эътироф этганди. Саноат юқори суръатда ўсган ҳудудлар орасида Пахтачи ҳам борлиги бир томондан ғурурлантирса, иккинчи томондан масъулиятини оширди.

Дарвоқе, шу ўринда яна бир рақамни айтиб ўтиш лозим: қайд қилинган даврда 325 километр ичимлик сув тармоғи тортилди. Бу нафақат иқтисодий салоҳиятимиз ўсиши, шу билан бирга, аҳоли турмуш шароити яхшиланишида муҳим бўлмоқда.

Албатта, ҳали олдинда қилинадиган ишлар кўп, режалар катта.

- Умуман, фаолиятингизнинг ўтган даврида аҳоли даромадларини ошириш борасидаги қайси ишларни санаб ўта оласиз?

- Буни иқтисодий рақамларда кўриб чиқсак: саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 206,7 миллиард сўм бўлгани ҳолда 2023 йил якунида бу кўрсаткич 749,7 миллиард сўмни ташкил қилган. Яъни, саноат маҳсулотлари ҳажми 3,6 баробар ошган. Бундан ташқари, 2019 йилда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 миллион сўм, 2023 йил якуни билан эса 5 миллион сўмга етган.

2019 йил жами рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари сони (фермер хўжаликларисиз) 596 та, 2023 йил якуни билан 1416 тани ташкил этган.

Туманда 2023 йилда 21954 та доимий ва мавсумий иш ўрни яратилиши белгиланган. Амалда эса бу кўрсаткич 31052 тани ташкил қилиб, ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар бандлиги таъминланди.

Шунингдек, туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 3214 нафар ишсиз фуқарога 70159 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

Ҳоким ёрдамчилари томонидан банд бўлмаган ва норасмий фаолият юритаётган тадбиркорларни расмийлаштириш эвазига йил давомида 955 та якка тартибдаги тадбиркор, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш режаси белгиланган. Бу борадаги ишлар тўғри ва тизимли ташкил этилгач, 155 та ЙТТ рўйхатдан ўтказилди. Ишсиз, банд бўлмаган 190 нафар фуқарога 1 миллиард 615 миллион сўмлик субсидия асосида асбоб-ускуналар олиб берилди.

Шу ўринда яна бир маълумотга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бугунги кунда тумандаги 7579 та хонадонда 834 гектар иссиқхона мавжуд. Бу ўртача 15 минг одам 1 йилда 3 марта ҳосил олиш билан машғул дегани. Чунки февраль-июнь ойларида помидор ва бодринг парваришланади, июль-октябрь ойларида бодринг, октябрь ойи охири январь ойларида кўкат етиштирилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир хонадон йил давомида ўртача 51,5 миллион сўм соф фойда қилади. Бундан ташқари, балиқчилик бўйича Пахтачи мактаби яратилган. Қилинаётган ишлар, олинаётган даромад ва бошқа жиҳатларини кўпчилик яхши билгани учун соҳада амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталмайман.

- Ҳокимликни бошлаган даврингизда Зиёвуддин шаҳарчаси туман маркази деган номга муносиб эмасди. Шу сабабли обод марказ лойиҳаси доирасида катта ишлар олиб борилди. Бироқ ҳали шаҳарчани замонавий туман маркази дейиш имконсиз, бизнингча. Сиз нима дейсиз?

- Туман марказида 2018 йилда 1971-1980 йилларда қурилган 26 та 2 қаватли тураржой мавжуд эди. Сўнгги 5 йил мобайнида 820 та хонадонга мўлжалланган 23 та кўп қаватли тураржой биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Жорий йил сентябрь ойида 189 та хонадонли 2 та 5 қаватли уй қуриб битказилади.

Ушбу тураржой мажмуаларини оқова сув таъминоти билан таъминлаш мақсадида 2020 йилда оқова сувларини тозалаш иншооти ҳамда 6,9 километр тармоқ қурилди.

Бундан ташқари, шаҳарчамизда Давлат хизматлари маркази, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази, матбуот уйи, оилавий поликлиника, ёшлар маркази қайта реконструкция қилинди. «Зиёвуддин деҳқон бозори» замонавий қиёфага келтирилди.

Умуман, жами 50 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектларида янги қурилиш, жорий таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Катта ишлардан бири «Ёшлар боғи»ни ободонлаштириш билан боғлиқ. Бу ерда мусиқали фаввора ўрнатилди. Истироҳат боғида 38 та қуёш панелли тунги ёритиш чироқлари, 1,1 километр пиёдалар йўли, 48 та ўриндиқ ташкил этилди. Турли хил аттракционлар яшил майсазор кишиларга завқ бағишлайди.

Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.