Пахтачида ноҳақ ишдан бўшатилган банк ходими вазифасига тикланди
Г.Аҳмедова (исм-фамилия ва жой номлари шартли) «Агробанк» АТБ туман филиалида 2015 йил 28 декабрдан 1-тоифали мутахассис лавозимида ишлаган. Аммо штатлар қисқарганлиги важи билан у 2019 йил 28 октябрь куни ишдан бўшатилган.
У судга берган даъво аризасида ҳақиқатан ҳам штатлар қисқартирилиши ҳақида қонунда белгиланган муддат – икки ой олдин огоҳлантирилганини, аммо банкда KPI тизими бўйича янги штат пайдо бўлганлигини, маълумоти олий бўлишига қарамасдан ўрта-махсус маълумотли, меҳнат стажига эга бўлмаган ходимлар ишга олинганлигини билдирган.
Шунингдек, Г.Ахмедова банк маъмурияти бошқа иш таклиф қилмаганлигини, унинг қарамоғида 3 ёшга тўлмаган фарзанди борлигини, иқтисодий аҳволи оғир эканлиги ҳисобга олинмасдан ишдан бўшатиб юборилганлигини таъкидлаган.
Аниқланишича, ҳақиқатан ҳам «Агробанк» АТБ туман филиалида Президентимизнинг ПФ-5780-сонли фармони ҳамда банк бошқарувининг қарорига асосан таркибий тузилмага ўзгартириш киритилган. Бу бўйича қисқариши мумкин бўлган лавозимдаги шахслар, шу жумладан, даъвогар ҳам огоҳлантирилган. Бироқ банк томонидан лавозими қисқартирилаётган ходимларга иш таклиф қилиш тўғрисидаги йиғилиш қарори билан Г.Ахмедова таништирилмаган. Яъни, у йиғилишда иштирок этмаган.
Банк мутасаддилари меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги 29-сонли буйруққа асос бўлган касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги бўйича судга ҳужжат тақдим эта олмади.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 101-моддасида “Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмаслиги” белгилаб қўйилган.
Суд жараёнида тарафлар важлари тўлиқ таҳлил қилиниб, даъвогар Г.Ахмедованинг мурожаати ўз тасдиғини топди. Суд қонун ҳужжатлари талаблари ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, “Агробанк” туман филиалининг 2019 йил 28 октябрдаги 29-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топди.
Қарор билан “Агробанк” АТБ туман бўлимига Г.Ахмедовани аввалги ишига тиклаш лозимлиги, лекин мазкур иш ўрни қисқарганлиги сабабли шу иш ўрнига тенг ишга тиклаш мажбурияти юкланди. Бундан ташқари, даъвогар фойдасига 2019 йил 28 октябрдан 2020 йил 28 январга қадар бўш юрган кунлари учун ўртача иш ҳақи миқдорини ҳамда 2 миллион сўм маънавий зарар ундириб беришни лозим топди.
Шунингдек, жавобгардан давлат фойдасига 892 минг сўм давлат божи ундирилди.
Бахтиёр Фармонов,
вилоят суди фуқаролик судлов ҳайъати судьяси.
Камол Намозов,
фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси.