Пайариқдаги “офис”: Руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб келаётган шахслар қўлга олинди

“Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Пайариқ тумани ИИБ ходимлари томонидан олинган маълумотга кўра, 1983 йилда туғилган, муқаддам 5 маротаба судланган фуқаро ўзининг жиноий шериги - 1996 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро билан бирга жиноий йўл билан моддий даромад орттириш мақсадида фуқароларга турли туҳматлар уюштириб, уларга руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб келаётганлиги тўғрисида маълумотлар олинган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида Жаҳонгир Абдураҳимов ўзига тегишли МЧЖ биносида “офис” қилиб олиб, туманда яшовчи фуқароларни турли туҳматлар билан ушбу офисга олиб келиб, уларни яланғочлаб, уриб-дўппослаб, ҳолатни видеотасвирга олганлиги, ушбу видеотасвирларни турли ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбориш билан тахдид қилиб, жабрланувчиларни қўрқитиб келганлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қўлга олинган фуқаро Бобур Абидовнинг ёнида оғирлиги 3 граммга яқин бўлган гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштириб олинган. Шунингдек, унга тегишли бўлган телефон аппарати холислар иштирокида кўздан кечирилганда, телефон хотирасида Абдураҳимов ва Абидовлар томонидан фуқароларни занжирлар билан уриб, таҳқирланган ҳолати ёзиб олинган видеотасвир мавжуд эканлиги аниқланди.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, Абдураҳимов ҳам қўлга олинди. Унинг “офиси” кўздан кечирилганда, бу ерда фуқароларни қийнаш учун сақлаб келинган металл занжир ва бошқа воситалар мавжудлиги аниқланиб, далилий ашё тариқасида олинди.

Ҳолат юзасидан Пайариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 112, 276 ҳамда 277-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.