Пайариқдаги учинчи секторда нима ўзгарди?

Жорий йилнинг 8 июль куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жойларда камбағалликни камайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик қилиб даромад топиши учун имконият яратиш энг муҳим вазифа эканлиги таъкидланди. Бу борада айрим секторларда камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилиб, бунга масъуллар вазифасидан озод этилди, баъзиларига интизомий чоралар кўрилди.
Жумладан, Пайариқ туманидаги учинчи сектор раҳбари, туман ички ишлар бўлими бошлиғига ҳам интизомий чора қўлланилган эди. Шундан сўнг ҳудудда нима ўзгарди, сектор ишида жонланиш кузатилдими?
– Давлатимиз раҳбари томонидан секторимиз иши танқидий қилингач, бундай хулоса чиқариб, фаолиятимизни қайта кўриб чиқдик, – дейди Пайариқ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, учинчи сектор раҳбари Маъруф Шермухамедов. – Ҳудудидаги 18 маҳаллада камбағал оилалар, ишсиз фуқаролар рўйхатини яна бир бор қайта тайёрладик. Ҳозирда рўйхатга олинган камбағал оилалар 946 тани ташкил этмоқда. Бу оилаларда 4000 дан ортиқ киши истиқомат қилса-да уларнинг 1200 нафардан кўпроғи меҳнатга лаёқатли, лекин доимий иш ўрнига эга эмас. Бу фуқароларни биринчи навбатда фермер хўжаликларига ишга жойлаштиришга эътибор қаратдик. Шунингдек, фойдаланилмай турган ёки кооперацияларга ажратилган ер майдонларида деҳқончилик қилишлари учун, бундан ташқари секторимиздаги 85 фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган майдонларида такрорий экинлар экиши учун 20 сотихдан, 1 гектаргача ер берилди. Бу фуқароларга ерни экин экишга тайёрлаш, уруғлик харид қилишда ҳам ёрдам берилмоқда. Ҳар бир маҳалладан камида 10 кишини, жами 200 нафардан ортиқ фуқарони ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилдик. Самарқанд шаҳрига яқин бўлган маҳаллаларимиздаги ишсиз фуқароларни шаҳардаги йирик қурилиш объектлари, кўп қаватли уйлар қурилишига ҳам жалб қиляпмиз. Қўлида бирор ҳунари бор ёки тадбикорлик қилишга иштиёқманд кишиларга эса асбоб-ускуна, кредит олишда ёрдам бердик.
Сектор ҳудудидаги оилаларнинг 634 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлиб, жумладан, уларнинг 20 тасида оғир касаллар мавжуд, 6 тасида беш ва ундан ортиқ фарзанд бор, 64 оила боқувчисини йўқотган. Бу оилаларга бугунги пандемия шароитида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари бериган, ҳомийлар жалб қилиниб, бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилган. Эндиликда ҳар бир маҳалла камида 1 гектардан ер майдонида ҳудуддаги ана шундай оилалар учун қишлоқ хўжалик экинлари экмоқда.
– Маҳалламиздани 41 та оила эҳтиёжманд, камбағал оила сифатида сектор томонидан “темир дафтар”га киритилган, – дейди “Хўжа Исмоил” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фароғат Асқарова. – Бу оилаларда 140 га яқин киши яшайди ва уларнинг 50 дан ортиғи меҳнатга лаёқатли, лекин ишсиз. Биз бу фуқароларнинг 10 нафарини ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилдик. Бошқа оилаларга эса маҳалламиздаги фермер хўжаликларидан такрорий экин экиш учун қарийб 20 гектар ер майдони ажратилди. Бу ер майдонларини экин экишга тайёрлаш, уруғлик олишда сектор томонидан аҳолига ёрдам берилди. Аммо ҳамма оилалар ҳам деҳқончилик қилолмайди. Ногиронлар, ёлғиз оналар бор. Бундай оилаларга имкониятига қараб енгилроқ иш топиб, даромад қилишига шароит яратяпмиз. Шунингдек, ўзимиз 1 гектар ер олиб, жамоат ишига жалб қилинган фуқаролар билан бирга қишлоқ хўжалик экинлари экдик. Бу маҳсулотларни эртага қиш пайтида ана шу ночор оилаларга тарқатмоқчимиз.
Тўполос маҳалласида қайд қилинган 52 та эҳтиёжманд оилада 263 киши истиқомат қилар экан. Маълумотларга кўра, уларнинг 79 нафари меҳнатга лаётқатли бўлса-да ишсиз.
– Шу йилнинг май ойида сектор раҳбари ташаббуси билан маҳалламизга 3000 та “Бройлер” жўжа келтирилиб, 24 кабағал оилага бепул тарқатилди, – дейди “Тўполос” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Отабек Имомов. – Жўжа билан бирга унинг озуқаси ҳам берилган эди. Бизда шу пайтгача паррандачилик билан шуғуланмагани учун одамлар жўжа олишга ҳам иккинланди, боқолмаймиз, ўлиб қолади, деган хавотир ҳам йўқ эмасди. Лекин астойдил ҳаракат қилган оилалар бу ишнинг уддасидан чиқди. Ҳозир 300 тагача товуқ боқаётган оилалар пайдо бўлди. Тайёр бўлган товуқни харид қиладиган тадбиркор ҳам топиб берилди. 17 оилага такрорий экин экиши учун фермер хўжалигидан 50 сотихдан 1 гектаргача ер берилди. Бу оилалар ҳам ҳозир шу иш билан шуғулланяпти. Лекин 12 оиламизда ногирон, меҳнатга лаёқатсиз кишилар бор. Уларга тегишли тартибда давлат томонидан ва ҳомийларни жалб қилган ҳолда ёрдам бериш чораларини кўряпмиз.
– Шу пайтгача турмуш ўртоғим, ҳатто ўзим ҳам ўтган йил четга бориб ишлашга мажбур бўлгандик – дейди Тўполос маҳалласида яшовчи Одина Исломова. – Бу йил карантин сабабли бошқа давлатларга чиқишга имконият бўлмагач, ҳеч бир даромадсиз қолдик. Шунинг учун маҳаллада аҳолига жўжа тарқатилганда, иккиланиб-иккиланиб 50 та олгандим. Ўлиб қолади, деб қўрққандим. Лекин қандай парваришлашни ўргатиб, озуқасини ҳам берганларидан сўнг, бу ишга чин дилдан киришдим. Ишонасизми, битта ҳам жўжа ўлмади. 50 тасини ҳам ўстириб, сотдим. Фойдали иш экан. Кейин яна 150 та жўжа олиб келиб, боқа бошладим. 20 кунлик бўлганидан кейин қўни-қўшниларим мендан сотиб олиб, боқяпти. Шу тарзда ҳозир жўжаларни 600 тага етказдим. Бир ойда 3 миллион сўм атрофида даромад олса бўлар экан. Четга сарсон бўлиб юргандан кўра, уйда ўтириб ҳам даромад қилса бўлар экан. Мана энди янги уй соляпмиз. Кредит олиб, ҳовлимиз четида товуқхона қилмоқчимиз. Фақат ёзда эмас, қишда ҳам шу иш билан шуғулланмоқчимиз.
Маъруф Шермухамедов йил якунига қадар сектор ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи ишсиз фуқароларнинг барчаси бандлигини таъминлаш, уларнинг зарур даромад манбаига эга бўлиши учун астойдил ҳаракат қилишини айтди. Демак, сектор ишини кузатишда давом этамиз.
Ғолиб ҲАСАНОВ, Бахтиёр МУСТАНОВ.