Перинатал марказдаги ҳолат ўрганилмоқда: Шов-шувлар асослими?

Кеча ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти перинатал марказида 2019 йил 28 февралдан - 1 мартига қадар  5 нафар чақалоқ турли ташхислар билан вафот этганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

“Jahon.uz” интернет нашрига Бош прокуратуранинг матбуот хизматидан маълум қилишларича, Самарқанд шаҳар Ёшлар маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган Ф.М.нинг турмуш ўртоғи Г.К. жорий йилнинг 28 февралида вилоят перинатал марказида қиз чақалоқ туққанлигини, аммо шу куни кечки пайт шифокорлар Г.К.га чақалоғи вафот этганлигини айтишган ва Ф.М.га ўғил жинсли чақалоқнинг мурдасини бериб юборишганини айтиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. У чақалоғининг қиз ёки ўғил эканлигига аниқлик киритиб беришни сўраб, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ га ёзма мурожаат қилган ва мурожаатга асосан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилган.

Шунингдек, тергов давомида 2019 йил 27 февралдан - 1 мартга қадар бўлган вилоят перинатал марказида жами 37 нафар чақалоқ туғилган бўлиб, улардан 5 нафари турли ташхислар билан вафот этганлиги ҳам қайд этилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ бўлинма бошлиғи раҳбарлигида тергов гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши тергови Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Адҳам Баҳромовга мурожаат қилдик. Унинг айтишича, айни пайтда вилоят перинатал марказида содир бўлган ҳолатлар ички ишлар ва прокуратура органлари ходимлари билан биргаликда ўрганилмоқда. Мақолада келтирилган важлар асосли ёки асоссиз эканлиги ҳақида ўрганиш ишлари якунлангач, маълумот тақдим этилади.

Сайтимизни кузатиб боринг, қўшимча маълумотлар билан таништириб ўтамиз.